Қадимий ҳаёт излари: Синайда 10 минг йиллик бошпана кашф этилди
Миср археологлари Синай ярим ороли ҳудудида тахминан 10 минг йиллик қоя бошпанасини аниқлади. Бу ҳақда мамлакат Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги маълум қилди.
Топилма Жанубий Синай вилоятидаги Жабал-Умм-Арақ тоғида жойлашган бўлиб, объектнинг узунлиги 100 метрдан ортиқ. Қоя “шифтлари” қизил ва кулранг тасвирлар билан безатилган: уларда ҳайвонлар, рамзий белгилар ҳамда турли даврлардаги кундалик ҳаёт манзаралари акс этган. Мутахассислар расмларнинг бир қисми милоддан аввалги 10 000–5 500 йилларга тегишли эканини таъкидламоқда.
Тасвирлар орасида камон ва итлар билан ов қилаётган инсонлар, туя ва отлардаги чавандозлар, шунингдек, илк араб ёзувларига ўхшаш белгилар ҳам учрайди. Вазирлик бу жойни «очиқ осмон остидаги музей» деб атаб, у милоддан аввалги даврлардан тортиб ислом давригача бўлган бадиий ва рамзий тасвирлар эволюциясини намоён қилишини билдирди.
Қазишмалар давомида ҳайвон суяклари, турар жой излари, шунингдек, Қадимги Миср, Рим ва ўрта асрларга оид тош қуроллар ҳамда сопол парчалари ҳам топилди. Бу эса ушбу қоя бошпанаси одамлар томонидан узоқ вақт давомида паноҳгоҳ сифатида фойдаланилганини кўрсатади.
