Тошкентда 7 мингга яқин кишининг шахсга доир маълумотларини олиб, фирибгарлик қилган фуқаро ушланди

Тошкентда 7 мингга яқин кишининг шахсга доир маълумотларини олиб, фирибгарлик қилган фуқаро ушланди

Тошкентда ахборот тизимидан фойдаланиб, фуқароларнинг пулларини фирибгарлик билан ўзлаштирган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

1995 йилда Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида туғилган ушбу шахснинг ноқонуний қилмиши Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда фош этилган. У Фарғона тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисми “г” бандига (ахборот тизимидан, шу жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида ушланган.

Маълум бўлишича, Фарғона туман, “Шоҳимардон” маҳалласида яшовчи фуқаро Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган. Унга кўра, Telegram орқали номаълум шахс қўнғироқ қилган. Ўзини Green Bio Face МЧЖдан эканини айтиб, “Омадли мижоз” лойиҳасида ғолиб бўлганини ва у танлаган маиший техника буюмининг 80 фоизини мазкур масъулияти чекланган жамият қоплаб беришини, қолган 20 фоиз пулни эса кўрсатилган банк пластик картаси ҳисобига ўтказиб беришини айтган.

Жабрланувчи эса унинг сўзларига ишониб, 3,5 миллион сўм пулни ўтказиб берган. Ушбу шахс Telegram’да Green Bio номли саҳифа очиб, жиноий фаолиятини амалга ошириб келгани, телефон аппарати кўздан кечирилганда “Лактовита” номли тиббий дори воситаси савдосини амалга оширувчи корхона орқали рўйхатдан ўтиб, буюртма берган 6871 нафар кишининг шахсга доир маълумотларини юклаб олгани, бундан ташқари, фуқаро Тошкент шаҳар, Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи шахсларга нисбатан ушбу турдаги жиноятларни содир этгани маълум бўлган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. ИИБ фуқаролардан юқоридаги каби фирибгарлар алдовига учмасликка чақирди.

Жиноят кодексига кўра, фирибгарлик ахборот тизимидан, шу жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган бўлса, БҲМнинг 100  бараваридан 300  бараваригача (41,2 миллион сўмдан 123,6 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 5 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: