«Реал» — «Бенфика»: Авж олган ирқчилик можораси!.. Бу ҳали эҳ-ҳе, яна қанча жанжалларни келтириб чиқариши мумкин!

«Реал» — «Бенфика»: Авж олган ирқчилик можораси!.. Бу ҳали эҳ-ҳе, яна қанча жанжалларни келтириб чиқариши мумкин!

Мадриднинг «Реал» жамоаси аввалги хатоларни такрорламасликка муваффақ бўлди. Чемпионлар лигаси плей-офф босқичи илк учрашувида испанияликлар Лиссабонда «Бенфика»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Бироқ учрашув якунлари футболдан кўра майдонда юз берган можаро билан кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Эътибор марказида — Винисиус Жуниор ва Джанлука Престианни ўртасидаги эпизод. Гап эҳтимолий ирқчилик ҳолати ҳақида кетмоқда ва бу масалага УЕФА томонидан баҳо берилиши кутилмоқда.

Эҳтиёткор ўйин ва Трубиннинг ишончли ҳаракатлари

Жамоалар ўйинни эҳтиёткор бошлади. «Реал» ҳимояда интизомни сақлади, «Бенфика» эса ортиқча таваккал қилмади. Биринчи бўлимда жиддий хавфли вазиятлар кам бўлди.

Бироқ танаффус арафасида меҳмонлар босимни кучайтирди. «Бенфика» дарвозабони Анатолий Трубин бир нечта мураккаб зарбани қайтариб, жамоасини голдан сақлаб қолди. Агар унинг ишончли ҳаракатлари бўлмаганида, мезбонлар биринчи бўлимни мағлуб ҳолда якунлаши мумкин эди.

Гол ва кескинлашган муҳит

50-дақиқада ҳисоб очилди. Винисиус жарима майдонининг чап қанотидан аниқ ва кучли зарба бериб, тўпни узоқ бурчакка жойлади — 0:1.

Голдан сўнг вазият кескинлашди. Винисиус голни «Бенфика» мухлислари олдида нишонлади, бу эса трибуналар ва майдондаги эҳтиросларни кучайтирди. Ҳакам Франсуа Летексье бразилиялик футболчига сариқ карточка кўрсатди.

Вазият тинчлангандек кўринган пайтда Винисиус яна ҳакам олдига бориб, Престианнига ишора қилди ва эҳтимолий ирқчилик ҳақида маълум қилди. Учрашув тўхтатилди.

Тўққиз дақиқа давомида футболчилар, мураббийлар ва техник ходимлар иштирокида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди. Моуринью штаби аъзоларидан бири қизил карточка олди. Винисиус бир муддат захира ўриндиғига ўтириб, вазиятга муносабат билдирди.

Натижада ҳакам Престианни билан суҳбат ўтказиб, интизомий чора қўлламасдан ўйинни давом эттирди.

«Реал»нинг назорати ва жавоб учрашуви

Қолган дақиқаларда «Бенфика» ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ташланди, аммо «Реал» ўйинни назорат қилди. Меҳмонлар тўпни сақлаш ва ҳимояни мустаҳкам ташкил этиш орқали рақибга имконият қолдирмади. Захирадан тушган футболчилар ҳам мезбонлар ўйинига сезиларли ўзгариш кирита олмади.

Якуний ҳисоб — 1:0, «Реал» фойдасига. Жавоб учрашуви келаси ҳафта Мадридда, «Сантьяго Бернабеу» стадионида бўлиб ўтади.

Бироқ бу ўйин спорт натижасидан ташқари, эҳтимолий ирқчилик можароси билан ҳам тарихда қолиши мумкин. УЕФА қарори яқин кунларда маълум бўлиши кутилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: