Кутилмаган хулоса: камбағаллик юрак хасталикларини тезлаштиради

Кутилмаган хулоса: камбағаллик юрак хасталикларини тезлаштиради

АҚШлик олимлар 280 мингдан ортиқ катта ёшли инсонлар иштирок этган кенг қамровли таҳлил орқали кутилмаган хулосага келишди: инсон саломатлигига таъсир қилувчи ижтимоий омиллар юрак-қон томир тизими ҳолатида ҳал қилувчи ўрин тутади. Тадқиқотга кўра, айниқса молиявий стресс ва сифатли озиқ-овқат етишмаслиги юракнинг муддатидан олдин қаришига олиб келувчи асосий сабаблардан ҳисобланади.

Мутахассислар “юрак ёши” тушунчасига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу кўрсаткич инсоннинг биологик ёшига нисбатан юрак қанчалик тез қарияётганини англатади. Агар юрак ёши ҳақиқий ёшдан катта бўлса, инфаркт ва инсульт каби ҳаёт учун хавфли ҳолатлар хавфи бир неча баравар ошади.

Mayo Clinic Юрак-қон томир тадқиқотлари маркази директори Амир Лерманнинг таъкидлашича, шифокорлар одатда холестерин миқдори, чекиш, қон босими ва уйқу сифати каби анъанавий хавф омилларини текширишга эътибор қаратади. Бироқ беморнинг ижтимоий муҳити, яшаш шароити ва молиявий аҳволи юрак саломатлигига бевосита таъсир қилиши мумкин бўлса-да, бу ҳақда кам ҳолларда сўралади.

Олимлар таъкидлашича, доимий молиявий қийинчиликлар фақат руҳий тушкунликка эмас, балки организмда аниқ ўлчаш мумкин бўлган жисмоний ўзгаришларга ҳам сабаб бўлади. McGovern Medical School кардиология профессори Жон Хиггинснинг тушунтиришича, молиявий стресс бошқа стресс турларига нисбатан хавфлироқ, чунки у сурункали ва мунтазам давом этади.

Илмий маълумотларга кўра, сурункали стресс кортизол гормони миқдорини оширади. Бу эса қон босимининг кўтарилиши ва холестерин даражасининг ортишига олиб келади. Узоқ давом этувчи яллиғланиш жараёнлари артерияларда атеросклеротик қуйқалар ҳосил бўлишига сабаб бўлиб, қон айланишини қийинлаштиради. Натижада инфаркт ёки инсульт каби оғир оқибатлар юзага келиши мумкин.

Тадқиқот муаллифлари ушбу натижалар шифокорларни янада ҳушёр бўлишга ундайди, деб ҳисоблайди. Улар юрак касалликлари хавфини баҳолашда беморнинг ижтимоий ва молиявий ҳолатини ҳам стандарт текширувлар қаторига киритиш зарурлигини таъкидламоқда.

Доктор Хиггинс хулосасига кўра, юрак касалликларининг олдини олиш нафақат тиббий чора-тадбирлар, балки жамиятнинг ижтимоий масъулиятини ҳам талаб қилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: