Сурхондарёдаги мактабда ўқитувчилардан “рамазон эҳсони” ниқоби остида пул сўралди

Сурхондарёдаги мактабда ўқитувчилардан “рамазон эҳсони” ниқоби остида пул сўралди

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги 33-умумтаълим мактабида ўқитувчилардан мажбурий пул йиғиш бўйича топшириқ берилгани ҳақида хабар тарқалди.

Ушбу мактаб педагоглари “Kun.uz”га мурожаат қилганида “рамазон эҳсони” ниқоби остида турли сабаблар билан пул йиғишга мажбур қилишаётганини билдирган. Ўқитувчилар 20 февраль куни директор Ойсара Узоқова томонидан мактабнинг Telegram’даги гуруҳида берилган “тезкор топшириқ”ни тақдим этган.

Унда директор ўқитувчилар ҳар бири 25 минг сўмдан етказиши кераклигини тайинлаган.

“Қайсидир мактаб таъмирига ҳам, қайсидир кам таъминланган оилаларга ҳам биз пул йиғиб берадиган бўлсак, давлат томонидан ажратилаётган пуллар, турли жамғармалардаги маблағлар қаерга ишлатилмоқда унда?”, деган бундан норози бўлган педагоглар ўз мурожаатида.
Топшириқни ҳоким ўринбосари берган

Мактаб директори топшириқни берган ҳоким ўринбосари сифатида Анвар Ражабов исмини келтирган. Ражабов Анвар Уралович Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳисобланади.Таҳририят Ойсара Узоқова билан боғланиб, изоҳ сўраганида айни вақтда Тошкент шаҳрида ўқишда эканини билдирган директор ўқитувчилардан пул йиғиш бўйича топшириқ берганини инкор қилмаган.

Шу билан бирга, бу топшириқ ижроси амалга ошмаганини, яъни педагоглардан пул йиғилмаганини, Тошкентда бўлмаганида “бу харажатни” ўз ҳисобидан қоплаб юбориши мумкин бўлганини билдирган.

Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабати

Расмий муносабатда бошқарма ҳамда Жарқўрғон туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан таълим муассасалари ходимларидан пул маблағларини йиғиш бўйича ҳеч қандай топшириқ ёки кўрсатма берилмагани маълум қилинган. 21 февралда эълон қилинган муносабатда бошқарма ўқитувчилардан мажбурий тарзда пул йиғиш каби ноқонуний ҳолатларни қатъиян қоралаб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари томонидан ҳолат жойига чиққан ҳолда ўрганилиши билдирилган. Ҳозирча ўрганиш натижалари эълон қилинмади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: