Ни-ма?! Бухорода 13 ёшли, ҳали оғзидан она сути кетмаган қиз она бўлди?! Эй-воҳ!
Бухоро вилоятида содир бўлган воқеа нафақат вилоятни, балки бутун мамлакатни ларзага солди: 13 ёшли қиз фарзандли бўлди. Бу гапни айтиш қанчалик оғир бўлса, унинг ортидаги ҳақиқат минг чандон аянчли ва даҳшатлидир. Аввалига миш-мишларда 12 ёшли қиз ўгай отаси томонидан зўрлангани айтилган эди, бироқ Болалар омбудсманнинг журналист сўровига берган жавоби бу маълумотни рад этди ва вазият янада мудҳишроқ эканини кўрсатди. Маълум бўлишича, қиз айни пайтда 13 ёшда бўлиб, унинг ҳомиладорлиги 6 ойлик бўлган вақтда — аллақачон кеч бўлганда аниқланган. Энг даҳшатлиси, гумонланувчи шахс ўгай ота эмас, балки оилага аввалдан таниш, уйга бемалол кириб-чиқиб юрган, ишончга кирган бир иблис бўлиб чиқди! Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва бу «йиртқич» қамоққа олинган. Бу ифлос қилмиш учун амалдаги қонунчиликка кўра 15 йилдан 20 йилгача жазо берилиши мумкин, аммо бундай нокасларга ҳар қандай жазо камлик қилади! Яқинда Фарғонада ҳам 14 яшар қизнинг тўрт нафар кимса томонидан зўрлангани аниқланган эди. Жамиятда болаларга нисбатан бундай ваҳшийликлар кўпаяётган бир пайтда, президент тасдиқлаган 2026 йилги давлат дастурига кўра, эндиликда 14 ёшга тўлмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик учун умрбод қамоқ жазосини жорий этиш белгиланмоқда. Бола манфаати ва унинг паймол бўлган номуси учун айбдорга қонундаги энг қатъий, энг аёвсиз жазо қўлланилиши шарт! 13 ёшли мурғак боланинг ҳаётини чил-парчин қилган, унинг болалигини ўлдирган шахснинг жамиятимизда ўрни йўқ. Тергов давом этмоқда, аммо минглаб инсонларнинг нафрати ва адолат талаби бугун Бухоро осмонини тутиб турибди.
