Одамларни қириш амали (уруш) тугатилибди! Рост бўлсин!… Бекордан бекорга шунча одам ўлиб кетди!..
Бугун, жума оқшомида минтақада вазият кескинлашди: Афғонистон Мудофаа вазирлиги Покистон ҳарбий кучларига қарши бошланган кенг кўламли ҳужум операцияси муваффақиятли якунланганини расман билдирди. Афғонистон томонининг таъкидлашича, бу амалиёт Покистоннинг афғон тупроғига қилган ва бегуноҳ аёллар ҳамда болалар ўлимига сабаб бўлган «қатъиятсиз тажовузи»га берилган кескин жавобдир. Ислом Амирлиги қуролли кучлари штаб бошлиғининг бевосита буйруғи билан тунги соат 20:00 да Пактика, Пактия, Хост, Нангархар, Кунар ва Нуристон йўналишлари бўйлаб Покистон ҳарбий постларига дециметрик аниқликда зарбалар берилган.
Афғонистон ҳарбий идорасининг ҳисоботига кўра, шиддатли тўқнашувлар натижасида Покистон томонидан 55 нафар ҳарбий ҳалок бўлган, 2 та ҳарбий база ва 19 та пост қўлга олинган. Афғон кучлари ўнлаб оғир ва енгил қуролларни, йирик ўқ-дорилар омборини ўлжа сифатида қўлга киритганини, Покистон ҳарбийлари эса «ваҳима ичида чекинганини» даъво қилмоқда. Шунингдек, бир нечта Покистон аскарлари асирга олинган, ҳалок бўлганларнинг жасадлари эса Афғонистон ҳудудига олиб ўтилган.
Афғон томони ҳам йўқотишларсиз қолмади: 8 нафар аскар шаҳид бўлган, 13 нафари яраланган. Нангархардаги қочқинлар лагерига берилган ракета зарбалари оқибатида 13 нафар тинч аҳоли вакиллари, жумладан, аёллар ва болалар тан жароҳати олган. Афғонистон Мудофаа вазирлиги ўз баёнотини кескин огоҳлантириш билан якунлади: «Афғон тупроғининг ҳар қандай бузилишига олов, пўлат ва қасос билан жавоб берилади».
