Эронда дахшатли уруш: ўзбек футболчилари омонмикан?
Бугун тонгда Эрон пойтахти ва қатор стратегик ҳудудлар Исроил ва АҚШ авиациясининг аёвсиз ракета зарбаларига учради. Теҳрон осмонини қора тутун қоплаган, портлаш овозлари ҳатто тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларда ҳам ваҳима уйғотмоқда. Бундай хавфли вазиятда Эрон Про-лигасининг энг ёрқин юлдузларига айланган ўзбекистонлик футболчиларнинг тақдири нима бўлади?
Эроннинг энг машҳур клуби — «Эстеглал» қароргоҳи айнан Теҳронда жойлашган. Миллий терма жамоамиз сардори Жалолиддин Машарипов ва ҳимоячи Рустам Ашурматов айни дамда воқеалар марказида бўлиб турган бўлиши мумкин (Катта эҳтимол билан Машарипов Теҳронда эмас). Олинган маълумотларга кўра, шаҳарда мобил алоқа ва интернет тизимида узилишлар кузатилмоқда.
«Персеполис» таркибида Эронни лол қолдираётган Остон Ўрунов, Эгор Сергиев ҳам Теҳронда. Сўнгги хабарларга кўра, шаҳардаги авиазарбалар клуб базасига яқин ҳудудларга ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин. Чемпионат ўйинлари номаълум муддатга қолдирилди, лекин легионерларимизнинг эвакуация қилиниши бўйича ҳали расмий маълумот берилгани йўқ.
Табризнинг «Трактор» (Одилжон Ҳамробеков) клуби Теҳрондан анча узоқда бўлса-да, бутун мамлакат бўйлаб эълон қилинган фавқулодда ҳолат уларнинг ҳам хавфсизлигини сўроқ остига қўймоқда. Ҳарбий ҳаракатлар миқёси кенгайиши натижасида барча аэропортлар ёпилган.
Легионерларимизнинг яқинлари ва миллионлаб мухлислар битта саволга жавоб кутишмоқда: Бизнинг юлдузлар уйга қачон қайтарилади?
Биз вазиятни кузатишда давом этамиз. Энг сўнгги ва ишончли хабарларни ўтказиб юборманг!
