Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (92-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (92-қисм)

У икки соат ётди. Кейин ҳаммомга кириб чўмилди ва шундан кейингина китоб дўконига равона бўлди.

Нақ элликта китоб сотиб олди. Ҳаммаси кимё ва физикага оид эди.

У шу китоблар билан юртга қайтди. Бошқалар эса, аллақачон оладиганларини олиб бўлишган экан. Ўша олиб бўлганларини бир-бирига обдан мақташди. «Унақа экан, бунақа экан, ундай сифатни мен илгари кўрмаганман» ва ҳоказо. Шу билан бирга ўзаро шивир-шивирларида Фазлиддинни «бир сиқим»гина ёмонлаб ўтишди. Қурумсоқликда, бефаросатликда, дидсизликда айблашди.

Латиф Бурҳонович эса Фазлиддинга секингина:

— Ошна, уйга, ҳеч бўлмаса, аэропортдан шоколад-поколад олволинг. Қуп-қуруқ қўл билан борманг. Чўнтагингиздаги сабил қолгур доллардан бироз ишлатинг, — деди.

Унинг шу гаплари сабабгина хаёллари бутунлай бошқа нарсалар билан банд бўлган Фазлиддин Малоҳатга, болаларига, акаси ва унинг оиласидагиларга, қишлоқдагиларга бирор нималар сотиб олди. Улар орасида, албатта, ширинликлар ҳам бор эди.

Малоҳат кўп йиғлади. «Шу ўн кун худди бир асрдек туйилди», деди эрига суйкалиб…

Эртасига уни ректор чақиртирди. Ректор ўша-ўша эди. Малоҳатнинг курсдошига хуфиёна уйланган ва ундан учта болали бўлган, ўша йиллари ниҳоятда қийналган. Чунки у икки ўт орасида қолганди. Гарчи биринчи хотинининг ўзи уни иккинчи марта уйланишга даъват қилган эса-да, кейин Барнонинг ҳусни-жамолини кўриб, эрини ундан рашк қила бошлади. «Бормайсиз, кўришмайсиз, учрашмайсиз»га тушди… Бироқ энди ғишт қолипдан кўчган эди. Барно унинг эрини бутунлай ўзига боғлаб олганди. Бунинг устига, у вақт ўтгани сайин очилиб борарди… Барно иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлганида, ректорнинг биринчи хотини бандаликни бажо келтирди. Бунда ректорнинг мутлақо айби йўқ эди. Чунки ўша эски касали уни бу дунёдан олиб кетганди. Шундан сўнг ректор бир муддат осойишта яшади. Шу орада бир амал қилиб катта фарзанди билан кичкиналарини таништирди. Барнони кўрсатди. Улар бирга яшай бошладилар. Бироқ кейин Барно қилиқ чиқариб қолди. Энди у болаларни бир-биридан ажратишга тушди. Худонинг бермиш куни ректорнинг катта фарзандларининг бирорта айбини топарди… Бунинг орқасидан ректор икки марта юрак оғриғи билан касалхонада даволаниб чиқди. Сочлари оқарганди илгари, энди тўкилиб кетди…

Фазлиддин эшикдан кириши билан ректор ўрнидан туриб қучоғини очди.

— Мен сиздай инсон билан битта даргоҳда ишлаётганимдан жуда хурсандман, — деб тез-тез юриб келиб, Фазлиддинни бағрига босди, сўнг, — ҳаммасини эшитдим. Ҳаммасидан хабарим бор, қани, бу ёққа ўтинг, — деди.

У йигитга ўтиришга жой кўрсатди, сўнг Фазлиддинга яна бир марта кимлигини билдириб қўйиш учун ўзининг креслосига ўтирди.

— Мен бизнинг домлалар барибир ҳаммадан зўр, деб билардим. Худди айтганимдай бўлибди. Айниқса, сиз эришган муваффақият университетимизнинг обрўсини бир неча марта ошириб юборди. Яна дунё миқёсида. Қаранг, бор-йўғи беш кунлик дарс учун шунча пул тўлашса-я! Менимча, тарихда бундай воқеа бўлмаган. Сиз бунинг учун бир тўй қилиб берсангиз ҳам бўларкан. Сизни жуда яхши биламан, ишлаб чиқаришингиз ҳам кундан кунга ривожланяпти, чет элликлар берган пул, балки, арзимас бир нарсадир. Бироқ ҳали айтганимдай, обрўси жуда баланд. Мен бу янгиликни эшитганимдан кейин инглиз тили кафедраси, умуман олганда, ҳамма чет тиллари кафедраларига ўқишни янада кучайтириш тўғрисида кўрсатма бермоқчи бўлиб турибман. Ҳатто домлаларни ҳам ўқитиш керак, деб ўйлайман. Чунки ҳаммаларида билим бор. Аммо тил масаласида оқсашади, — деди ректор.

Фазлиддин унинг сўзларини жим ўтириб эшитди. Ректор сўзлаб бўлганидан кейин эса бошини қимирлатиб «шундай», деб тасдиқлаб қўйди. Илло, домлаларнинг ҳаммаси ҳам ректор айтганидай жуда билимли эмасликларини яхши биларди. Ҳатто айрим профессорларнинг билиш даражаси оддий ўқитувчиларники қатори эканлиги сир эмасди. Бироқ булар тўғрисида ҳозир, айниқса, манави бошлиқ олдида айтиб бўлмайди-да.

— Сиз чет эллик талабалар, уларнинг устозлари билан яқиндан мулоқотда бўлдингиз. Қолаверса, анча-мунча пул ҳам ундириб олдингиз… Айтганча, келажакда қандайдир шартномалар тўғрисида гапиришмадими? — дея ректор жаноблари Фазлиддинга тикилди.

— Йўқ, ҳеч нима дейишмади, — деб энсаси қотганча жавоб берди Фазлиддин. Энди унинг жаҳли чиқа бошлаганди. Мана, икки марта ректор унинг пул олганлигини писанда қилди. Бу эса унинг асабини қўзитиб юборди.

— Ҳимм, шуниси чатоқ бўлибди. Аммо хат-пат орқали сўраб қолишса, албатта, мен билан маслаҳатлашинг. Чунки ишониб бўлмайди уларга. Ниятларини айтаман-да. Хуллас, гап бундай: билганларингизни ҳамкасблар билан ўртоқлашинг.

— Хўп, — деди Фазлиддин.

Худди шу пайт ректорнинг иш телефони жиринглади. У гўшакни олиб қулоғига тутди. «Алло», деди, сўнг бир муддат жим турди. Унинг ранги ўзгара бошлади. Қулоғидан гўшакни олиб, столнинг устига босиб:

— Шу гаплар, энди, майли, сиз бораверинг, — деди.

Фазлиддин ўрнидан туриб, эшик томонга юрди, шунда ректорнинг сўзлари эшитилди. У бу гапларни истар-истамай эшитиб қолди: «Жонимга тегдинг. Мен сенга неча марта айтганман: ишинг бўлмасин, деб. Уларнинг йўриғи бошқа, уйи бошқа. Шу гапларни сенинг ёнингга келиб… Гапимни эшит деяпман…»

Фазлиддиннинг росманасига ректорга ичи ачиди…

У факультетга бормади. Уйига кетди. Алам билан кетди. Ғазаби ичида кетди. «Шу пулни қайси гўрдан ҳам олдим?» дея ўйлар эди у. Кейин бориб Малоҳатга ёрилди. «Иккинчи марта чет элга бормайман. Бировдан бир нима олмайман. Қонуний бўлса ҳам. Айниқса, ўзимизникиларнинг ёнида», деди. Буларнинг барини ичида айтди. Малоҳатга дардини ёриши ҳам ичида кечди. Ташқарисида эса қовоғи осилди. Юзи қизарди. Хотини сезди ундаги ўзгаришни, лекин ҳеч нима сўрамади. Агар сўраганида, эҳтимол, Фазлиддиннинг хаёлидагилари тилига кўчиши мумкин эди.

У кийимларини алмаштирганидан кейин ҳовлига чиқиб кетди. Гуркираб ривожланаётган полизларига қаради. Роса пишган «Юсупов» навли помидор кўзига ўтдай кўринди. Ўзиям у бир кафтга катталик қилади. Бир одамни тўйдиради. Фазлиддин секин ўша помидорни олди-да, у ёқ-бу ёғини томоша қилди. Сўнг қуёшга тутди. Яна томоша қилди. Бир нималарни қидирди. Лекин қидирганини топмади.

— Энди, — деди помидорга, — ейилишга маҳкумсан.

Шундай деди-ю, кўнглидан жуда ёмон бир нарса ўтди: «Ҳамкасбларим, умуман, мендан нималарнидир умид қилганлар ўша нарсаларни мендан олишолмаса, мендан воз кечиб, шунчаки «еб» қўйишади».

«Ўҳ! Ўҳ!» дея пешонасига урди.

Эрининг кайфияти йўқлигидан хавотирга тушган Малоҳат уй ичкарисида дераза ойнасидан уни кузатиб турарди. Фазлиддин қўлини пешонасига урганидан сўнг чўчиди. Ташқарига югурди ва қаҳ-қаҳ отиб кулаётган Фазлиддинни кўрди. Шу заҳоти унинг ҳам юзида табассум пайдо бўлди. Дарров эрининг ёнига борди.

— Ҳа, дўстим, нима гап? Жуда хурсанд кўринасиз? — деди.

— Хурсандмасман, лекин кулгим қистаяпти, — дея жавоб қилди Фазлиддин ва помидорга тикилишда давом этди.

— Нима кўрдингиз унда? — деб помидорга ишора қилди Малоҳат.

— Ғаройиб табиат ҳодисаси. Гапир, деб унга тикилдим, лекин у гапирмади. Кейин барибир ичидаги сир-асрорларингни билиб оламан, дедим. Лекин билолмадим. Ҳали шундайми, унда мен сени еб қўяман. Сиринг ўзингда қолсин, дедим…

Малоҳат эрининг билагидан ушлади. Сўнг унинг елкасига бошини қўйди.

— Сиз мени қўрқитяпсиз. Мен сизни биламан, бекордан бекорга бундай демайсиз. Университетдан қайтганингиздан бери қандайдир бошқачасиз.

— Эътибор берманг, хоним. Мен цехга бормаганимдан хафа бўлиб турибман. Лондонга кетишимдан нақ бир ҳафта олдин боргандим. Мана, қайтганимга ҳам икки кун бўлди, лекин цехни хаёлимнинг бир чеккасига ҳам келтирганим йўқ. Ваҳоланки, бизнинг асосий даромадимиз шу ёқдан келяпти. Ишламасак ҳам.

— Томорқага сув олсангиз, сиз уни кўтариб юрмайсиз-ку. Сувнинг ўзи юради, ўзи суғоради. Цехни ҳам йўлга қўйиб олдингиз, у ерда ишнинг кетиши ўз-ўзидан бўлиши керак. Ҳар қалай, ўзингиз шундай дегансиз.

— Ҳа, тўғри. Лекин у ердагиларни соғиндим. Тўрт оғиз суҳбат қилишим керак-ку.

— Унда нега қараб турибсиз?

— Овқатинг тайёрми?

— Эрта келишингизни билмагандим, шунинг учун…

— Бўлди, хоним. Унда бундай қилинг. Сиз битта ош дамланг, мен бухгалтерияга қўнғироқ қиламан. Алишер билан хотинини бугун меҳмонга чақираман…

— Акангиз билан унинг хотини, болалари-чи?..

— Ҳа, бўпти, уларни ҳам.

Фазлиддин олимлардан, зиёлилардан ололмаганини шу ўқимаганлардан, қўлларидан қора ишдан бўлак нарса келмайдиганлардан олди. Бўлмаса, Фазлиддин уларга бир юз ўн минг доллар нақд пул олганини айтди. Аммо на дўсти ва на акасининг кўзи олайди. Шунчаки, зўр бўлибди, деб қўйишди.

— Энди, — деди акаси, — ҳар ким ҳам сендай дарс беролмаса керак-да. Ундан кейин, менинг билганим, суғорилган жойга қайта-қайта сув ҳайдасанг, экиннинг дабдаласини чиқарасан. Яна ўғитниям бир хил бериб бўлмайди. Бизга, яхшиси, шаҳардан гапир. Стадион-пистадионга тушмадингми?

— Йўқ, — деб жавоб берди Фазлиддин.

— Оббо! — дея кафтларини бир-бирига урди Фахриддин. — Шундан шу ёққа борибсан-у, ҳеч бўлмаганда, «Челси»нингми, «Арсенал»нингми ўйинини маза қилиб стадиондан томоша қилиб келмайсанми?

— Вақт бўлмади.

— Агар қизиққанингда, вақт топардинг. Қизиқмагансан-да.

— Ҳа, шундай.

— Айтганча, шампунларни яна ўзгартириш керак. Чет элдан биттаси келибди. Отига менинг тилим келмайди. Ҳозир кўпчилик шуни сотиб олаётган эмиш. Бир хилликдан безишибди. Мен биттасини олиб кўрдим, унчалик зўр эмас, лекин шу сотиляпти. Телевизорда ҳам узлуксиз реклама қилиняпти.

— Тўғрилаймиз. Менимча, идишига қандайдир ўзгартиришлар киритиш керакка ўхшайди. Очилиши, қуйилишини қулай қилиш керак.

— Бир мартада бир ювгилик тушса, — дея гапга қўшилди Алишер.

— Ана, демак, унинг кнопкаси бўлсин, енгил босилсин. Бир босганингизда, фақатгина бир марта ювгилик тушсин. Ортиқча тушиб исроф бўлмасин, — деб дўстининг гапини маъқуллади Фазлиддин.

— Кейин, жўра, эсим борида айтай, Шокир уйланаётган экан. Телефон қилиб тўйига айтди. Сизнинг боришингизни алоҳида тайинлади.

— Борамиз. Салом ҳам қарз, алик ҳам қарз. У тўйимизга келиб, бизни уялтириб қўйди, энди бизнинг навбат.

— Яна битта гап, машина олмоқчийдим.

— Аллақачон олиш керак эди. Фақат битта шарти бор. Янги чиққан «Нексия»дан оласиз.

— Ҳали уни ўзинг ҳам олмагансан-ку, — деб гапга қўшилди Фахриддин.

— Нима бўлибди? Мен олмадим, дегани, бошқаларниям йўли тўсилди деганимас-ку! Жўрам биринчи олади. Эшитишимга қараганда, зўр машина экан.

— Йўғ-э! — деди Алишер.

— Йўқ деманг. Машина энди чиқди.

— Йўлларда бир-иккитасинигина кўрдим, қолганининг ҳаммаси «Жигули», «Москвич». Агар мен талтайиб олволсам…

— Ҳеч нима қилмайди, жўра. Сиз олаверинг.

— Лекин унга пулим етмайди-да.

— Етмаганини мен бераман. Жўра, тўйга миниб боринг. Шокирнинг келинини ўзингиз олиб келиб беринг. Шундан кейин мен олсам, камроқ шов-шув бўлади.

— Яхшиси…

— Ҳеч қанақанги яхшиси йўқ. Эртага иккаламиз дўконга борамиз. Пулини тўлаймиз, миниб чиқасиз. Гувоҳномангиз бор.

— Шаҳарда ҳайдаёлмайман.

— Ўзим ёрдамлашаман.

Фахриддиннинг қовоғи осилди. Илло, у укаси бундай қилади, деб ўйламаган эди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: