Янгийўлда «гашиш», Оҳангаронда эса дорифурушлар ушланди
Божхона органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда 1 кгдан зиёд «гашиш» ва 1883 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди.
Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг савдосига қарши Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида тезкор-қидирув тадбири ўтказишди.
Тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган фуқаро харидорга 1 кг. 12 гр.«гашиш» гиёҳвандлик моддасини 13 000 АҚШ долларига сотишни келишиб олади. Кейин эса Янгийўл туманидаги меҳмонхонада келишилган маблағдан 1000 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинди.
Кўздан кечирув жараёнида эса фуқародан 1 кг.дан зиёд «гашиш» наркотик моддаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Шунингдек, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ДХХ вакиллари билан хамкорликда Оҳангарон шаҳрида ҳам тезкор тадбир ўтказилди.
Ушбу жараёнда ходимлар томонидан «Спарк» русумли автомашина белгиланган тартибда тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида унинг юк хонасидаги овоз кучайтиргич ичидан 841 дона «Зардекс» ва 1042 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилди.
Ўрганишлар давомида ушбу моддалар автомашинада йўловчи сифатида ҳаракатланиб кетаётган 3 нафар фуқарога тегишли эканлиги, улар бу дориларни Оҳангарон шаҳрига сотиш мақсадида олиб кетишаётганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.
