Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (94-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (94-қисм)

— Хўп, устоз, бугун дарсга кираман.

— Эртагаям кирасан. Индингаям. Ўзим айтмагунимча бир пара дарсни ҳам қолдирмайсан.

— Илмий иш…

— Унинг ҳам вақти бўлади. Сендай олим одам илмий иш учун махсус вақт сўрашининг ўзи кулгили. Энди бор, талабалар кутиб қолишди.

Фазлиддин анча тетиклашди. Руҳи енгил тортди. Билагида, онгу шуурида янги куч ҳис этди.

Шу билан икки ой уни биров безовта қилмади. У илгариги шиддатини яна қайта топиб олди. Яна шошишга тушди. Яна ичида бир нималарга улгуролмаётганлигини ҳис эта бошлади. Бу эса унинг ҳаракатини янада кўпайтирди…

Шу икки ойдан кейин эса унга Лондондан хат келди. «Биз сиз билан ҳамкорлик қилмоқчимиз», деган мазмунда.

Фазлиддин хафа бўлишиниям, хурсанд бўлишиниям билмасди. Шу боис хатни олди-ю, Жўра Қувоновнинг ёнига югурди.

— Нима қилай? Борайми? Бошимни балоларга қўяйми? — деди ҳаяжонланиб.

Профессор номани қўлига олди ва обдан орқа-олдини томоша қилди. Бошини сарак-сарак қилди.

— Минг афсуски, инглиз тилини билмайман. Билганимда, сен билан бирга борардим. Уларнинг сенга айтадиган гапларини ўз қулоғим билан эшитардим. Энди бориш-бормаслигингга келсак, борасан. Чунки ҳар кимгаям бунақа таклиф бераверишмайди. Дунёда озмунча олим борми? Шулардан нечтаси Кембриж университетида дарс беради?

— Лекин…

— Лекин-пекинга ўрин йўқ. Яқинда президентнинг шахсан ўзи Лондонга борди. Ўша университет вакиллари билан учрашди. Катта эҳтимол билан уларнинг филиали бизда ҳам очилиб қолса керак. Энди йўлингни биров тўсмайди.

— Устоз, мана шу гапларингиз учун мен сизга бир ҳақ берай, уйда…

— Йўқ, — деди шу заҳоти Жўра Қувонов, — уй бўлмайди. Ресторанга олиб борасан. Ёмон зўр ресторан очилибди. Борсанг маза қиларкансан. Менинг битта ошнам каттакон. Ўша олиб борди. Албатта, кимлигини айтмай, ими-жимида олиб борди. Аммо ёмон зўр жой экан. Қачон олиб борасан?

— Бугун.

— Келишдик. Менинг дарсим бор. Соат тўртда университет ҳовлисида кўришамиз.

Бироқ ресторан Фазлиддинга ёқмади. Роса шовқин экан. Улар алоҳида кабинага кириб ўтиришди. Лекин барибир шовқин шу ердаям қулоқ пардасини йиртиб юбораман дерди. Бунинг устига, улар бир соат нари-берисида ўтирганларидан сўнг, «тунги капалаклар» келишди… Фазлиддин бошини кўтармай ўтирди. Жўра Қувонов эса ўзини эркин қўйиб, бемалол ҳазил-ҳузул қилишдан ташқари, ўйнаб беришларини ҳам сўради. Кейин у бироз қизишиб ҳам олганди. Ҳа, гарчи шогирди қаршилик кўрсатса-да, икки юз грамм буюртма берган эди у…

Ресторандан чиқишгач, роса эзма одамга айланган устозини Фазлиддин машинада уйига қўйиб келди.

Уйга келганида соат миллари аллақачон тунги ўн иккидан ошганди. Малоҳат ухламабди. Болаларини ётқизиб, ўзи уларнинг ёнида китоб ўқиб ўтирган экан.

— Роса хавотир олдим, — деди у эрига, — бунақа одатингиз йўқ эди. Бирор жойга кетсангиз, огоҳлантирардингиз. Шунгами, юрагим така-пука бўлиб ўтирдим.

— Кутилмаганда бўлиб қолди. Устозга ваъда бериб қўйгандим. Бекор ваъда қилган эканман. Лекин майли, бунинг ҳам яхши томони бўлса керак, — дея Фазлиддин юзаки кулиб қўйди.

— Рухсат бердими деканингиз? — деб сўради Малоҳат эрига тикилиб.

— Рухсат бериш ҳам гапми? Ўзи ҳам қўшилиб учгудай бўлди. Энди эртага болаларга ҳам паспорт олишга боришимиз керак. Сиз ҳам у ёқ-бу ёқни кўриб келинг, — деб кулди Фазлиддин.

— Энди ётинг. Қорнингиз тўқлиги кўриниб турибди. Мен сизнинг оёғингизни уқалаб қўяман.

— Шунга жуда ўргатиб қўйдинг. Энди бирор жойда қолиб ҳам кетолмайман…

Хотинининг майин уқалашларидан кейин дарров кўзи уйқуга кетди… Бундай уйқуга кетишнинг ўзгача лаззати бор. Аввал бутун танангни сен кўрмайдиган, аммо сезадиган лаззат эгаллаб олади. Ухлаётганингда юзингда табассум пайдо бўлади. Худди сен жаннатни кўриб қолдинг-у, шу ёққа кетаётгандаги табассум… Баъзан одам вафот этганида юзида табассум қотиб қолади. Уни кўрган одам қайғуни дарров унутади. Марҳумга нисбатан ҳурмат пайдо бўлади. Ҳавас пайдо бўлади. Мен ҳам бир кун келиб ўлсам, худди мана шундай табассум қилсам дейди… Аслида, Малоҳат ҳам ухлаб қолаётган эрининг юзида пайдо бўладиган табассумга ишқибоз. Аслида, шугинани кўриш учун… Йўқ, жуда унчалик эмас. Дастлаб бошлаганида, у Фазлиддиннинг розилигини топишни режа қилган. Кейин у эрининг табассумини кўрди. Бошқача табассум. Кўриб тўймайдиган табассум. Малоҳат қанчалик толиққан бўлмасин, барибир, эрининг ухлаётган онини кўрмасдан ўзи уйқуга ётмайди. «Мен ҳам шундай қилармиканман? Мен ҳам кулиб ухлармиканман?» деб ўйлайди гоҳида.

Орадан роппа-роса ўн беш кун ўтиб, Лондон сафари амалга ошди. Фазлиддин бутун оиласи билан кетди.

Буниси бошқача бўлди. Олдинига меҳмонхонага жойлашишди. Кейинги кун шаҳар айланишди. Биров уларнинг ортидан пойлаб юрмади. Қаерга боряпсан, ким билан кўришасан, демади. Ўзлари озод юришди. Ресторанда овқатланишди. Кейин яна меҳмонхонага келишди. Ундан кейинги кун эса Фазлиддин университетга борди.

Ректорнинг шахсан ўзи кутиб олди. Қучоғини очиб:

— Жаноб, биз сизни нақадар интизорлик билан кутганимизни билсангиз эди! Ҳатто саросимага тушдик. Элчихонадан суриштирдик! — деди ректор ва эски қадрдонлардай Фазлиддин билан қучоқлашиб кўришди. Кейин тўртинчи қаватга, ўзининг хонасига бошлади. Албатта, лифт соатдан ҳам аниқ, тез ва ўта юмшоқ ишлаб турганди.

Шартнома тузилди. Унга кўра, Фазлиддин ҳар ойда ўн кун университетга келиб дарс беради. Университет Фазлиддиннинг самолёт пулларини, ётоғини ва маошини (маоши юз минг доллар) тўлайди. У ёғи томонлардан биттаси ундай қилса, бундай бўлади, бундай қилса ундай бўлади, деган бандлар эди. Шартнома муддати бир йил эди.

Фазлиддин: «Эртадан бошлаб дарс бераман», деди.

Малоҳатнинг қувончи ичига сиғмасди. «Нима, биз бундан бу ёғига ҳар ойда Лондонга келамизми?» деди у.

— Йўқ, афсуски, ундай эмас. Умуман олганда, шундай қилса ҳам бўлади. Фақат бунинг учун мен ҳам харажат қилишим керак, — деди унга Фазлиддин.

— Нима бўлибди? Ўн-ўн беш минг қўшимча сарфларсиз. Аммо яхши томони, ҳамиша ҳаммамиз бир жойда бўламиз. Ундан кейин ҳар ойда ўн кун ким сизнинг оёғингизни уқалаб ухлатади? Мен сизнинг бир ўзингизни жўнатмайман.

— Келишдик унда. Фақат муддат — келиб-кетиш сизнинг жонингизга теккунича.

— Менинг жонимга тегарканми? Ҳечам-да. Биласизми, миямга нима келди?

— Нима?

— Бизнес қилсам-чи? Қаранг, бекор ўтирмайман. Бу ердаги зўр-зўр нарсаларни қайтишда олиб кетамиз. Кейин Тошкентга олиб бориб сотамиз.

— Болалар-чи? Улар ҳам бизнес қилишадими?

Малоҳат бир муддат эрига термилиб қолди. Сўнг кулди.

— Бу ёғини ўйламабман, — деди.

— Кейин бизнесга умуман ҳожат йўқ. У ёқда цех ишлаб турибди. Мен эса икки жойдан маош оламан. Булар билан-ку, келишиб олдим, энди ўзимизникилар билан келишишимга тўғри келади. Аммо жуда қийин бўлса керак. Чунки энди-энди баъзи бир ичларида қурум сақлаб юрадиганларни билиб боряпман. Илгари содда бўлган эканман.

— Сиз мендан хафамисиз?

— Нега?

— Бизнес қиламиз деганимга.

— Асло. Чунки сен ҳазиллашдинг. Қўлингдан келмайдиган ишни айтганингда, ҳар доим ҳазиллашган бўласан.

— Ҳали шунақами? — деб Малоҳат эрининг бўйнига осилиб олди.

Гарчи илгари ҳам бу университетнинг талабалари билан кўришган ва уларга дарс берган эса-да, бу сафар Фазлиддин ўзини бошқа дунёга тушиб қолгандай ҳис эта бошлади. Бу ердаги йигит-қизларнинг фикрлаши умуман бошқача эди. Шунингдек, бу ердагиларда шарм-ҳаё, ҳурмат деган нарсанинг ўзи йўқ эди. Талабалар исташса, маърузада ўтиришади, исташмаса, сумкаларини кўтариб чиқиб кетишади. Хуллас, қолган нарсалар ҳам шундай. Албатта, уларга қаттиқ гапириб бўлмайди. Бунинг ўрнига қаршиларида турланиб-товланишинг керак… «Мен бунга кўнмайман, — дея кўнглидан ўтказди Фазлиддин. — Ҳар нарсада, шунингдек, дарс пайтида ҳам қандайдир тартиб бўлиши керак. Айтайлик, моддаларни бетартиб жойлаштириб қўйсанг, ундан ҳеч вақо ололмайсан. Шундай экан, буларни мен жой-жойига қўйишим шарт».

— Мен сизларнинг озодлигингиз, эркингизни жуда ҳурмат қиламан, — деди у навбатдаги дарс куни. — Очиғи, шундай. Илло, ўзим ҳам ўзимни шундай инсон деб ҳисоблайман. Келинглар, бундай қиламиз. Водородни олиш учун қийналиб, ҳар турли нарсаларни аралаштириб-қуралаштириб ўтирмаймиз. Шунчаки сув билан оловдан фойдаланамиз. Биримиз аввал оловни ёқиб, кейин унга сув сепамиз. Иккинчимиз эса шунинг тескарисини қиламиз. Ана шундай, харажати оз, бироқ маҳсулоти кўп бўлган моддага эга бўламиз.

Аудиторияда икки юздан зиёд талаба бор эди. Ҳаммаси бараварига Фазлиддинга тикилиб қолди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: