Вазира Юнусова қизлари ва оилавий ҳаёти ҳақида қизиқарли фактларни ошкор қилди

Вазира Юнусова қизлари ва оилавий ҳаёти ҳақида қизиқарли фактларни ошкор қилди

Актриса Вазира Юнусова “Ўзимизнинг гап” дастурида иштирок этиб, фарзандлар тарбияси, қизларининг бугунги фаолияти ва нега уларни санъат йўлидан қайтаргани ҳақида сўзлаб берди.

Унинг айтишича, болаликданоқ фарзандларига нисбатан қаттиққўл тарбия қўлланган. Марҳум турмуш ўртоғи билан бирга қизларини интизомли қилиб улғайтиришга ҳаракат қилишган.

— Аввалига ўзим олган тарбия асосида фарзандларимни катта қилдим. Уларга кўп нарсани тақиқлаб, қаттиқ назоратда ушладим. Кейин тушундимки, бундай ёндашувнинг нафақат фойдаси, балки зарари ҳам бор экан. Шунинг учун сўнгги вақтларда қизларимга кўпроқ эркинлик бера бошладим, — дейди актриса.

Бугунги кунда эса унинг қизлари онасига яқин ёрдамчига айланган. Улар актрисанинг шахсий маъмури ва мобилографи сифатида фаолият юритмоқда.

— Қизларим барча ишларимда елкадош бўлишяпти. Театрдан ташқари фаолиятимда ҳам уларнинг ҳиссаси катта. Шу боис четдан ишчи олишга эҳтиёж қолмади, — дейди у.

Актрисанинг маълум қилишича, оиласида уч нафар қиз фарзанд бор. Катта қизи турмушга чиққан ва актриса аллақачон набирали бўлган. Ўртанча қизи Дурдона эса онасининг ишларини ташкил этишда асосий масъул ҳисобланади.

Қизларининг таъкидлашича, онасининг машҳурлиги улар учун айрим ҳолатларда қулайликлар ҳам яратган.

— Айрим пайтлар “Вазира Юнусованинг қизиман” десак, ишларимиз тезроқ ҳал бўлиб кетади, — дейди улар кулиб.

Суҳбат давомида актриса яна бир муҳим масалага тўхталди. Нега қизлари унинг касбини танламагани ҳақида саволга у қуйидагича жавоб берди:

— Қизларим аввал актриса бўлишни исташган. Лекин турмуш ўртоғим “битта уйга бир актриса етади” деган. Чунки ишим туфайли кўп сафарларда бўлардим. Шу сабаб фарзандларимнинг бу соҳани танлашини истамаганмиз, — дейди Юнусова.

Шу билан бирга, актриса катта қизига бир бор имконият берганини ҳам эслади. Уни сериалга жалб қилиб, ўзини синаб кўришга шароит яратган.

— Ролни жуда яхши ўйнади. Лекин кейин ўзи “кутиш жуда қийин экан” деб, съёмкани давом эттирмади, — дейди актриса.

Вазира Юнусова сўзларига кўра, бугунги кунда қизлари ўз йўлини топган ва онасига ҳам ҳар томонлама кўмак бериб келмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: