20 ЙИЛ ДАВОМИДА ҚУРЪОНДАН БОШҚА СЎЗ ГАПИРМАГАН АЁЛНИНГ СИРИ

20 ЙИЛ ДАВОМИДА ҚУРЪОНДАН БОШҚА СЎЗ ГАПИРМАГАН АЁЛНИНГ СИРИ

Қуръон оятлари билан сўзловчи аёл

Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар:

«Мен ҳаждан қайтаётганимда бир отлиқ мен тарафга келаётганини кўрдим. У менга яқин келганида, аёл киши эканини билиб, салом бердим.

У аёл: «Раҳим бўлган Роббдан «салом» сўзи бордир» (Ясин, 58), – деб жавоб берди.

У бу оятни ўқиганда саломимга алик олди, деб тушундим ва: «Қаердан келяпсиз?» – деб сўрадим.

У аёл: «Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг» (Бақара, 196), – деди.

Мен уни Каъбатуллоҳ зиёратидан қайтаётганини тушуниб: «Қаерга кетяпсиз?» – дедим.

У аёл: «Кимни Аллоҳ залолатга кеткизса, бас, унинг учун ҳеч бир ҳидоят қилгувчи йўқ» (Аъроф, 186), – деган оят билан жавоб берди.

Бу оятдан унинг йўлдан адашиб қолганини англадим. Тахминимча, у ёши каттароқ онахон эди. «Онажон, сизни қаерга олиб бориб қўяй?» – деб сўрадим.

У аёл: «Аллоҳнинг хоҳиши ила Мисрга омонликда киринглар» (Юсуф, 99), – деб жавоб берди.

Демак, у шаҳарга бориши керак экан. «Мен ҳам шаҳарга боришим керак, сизга йўлбошчилик қиламан», – дедим.

У аёл: «Яхшилик қилинг, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни хуш кўради» (Бақара, 195), – деди.

Розилигини билиб, уловнинг жиловидан тутиб йўл бошладим. Бир қанча юрганимиздан кейин, мен баъзи арабча шеърларни ўқий бошладим.

У аёл: «Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар» (Муззаммил, 20), – деди.

Мен жим бўлдим, лекин бу аёл ким экани ҳақида ўйлаб, унинг оиласи ҳақида билишни истадим.

У аёл буни сезиб: «Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар зоҳир бўлса, сизга ёмон бўлади» (Моида, 101), – деган оятни ўқиди.

Тушундимки, у оиласи ҳақида гапиришни хоҳламаяпти. Шаҳарга яқинлашганда ундан: «Шаҳарда ким билан кўришмоқчисиз?» – деб сўрадим.

У аёл: «Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир» (Каҳф, 46), – деб жавоб берди.

Аллоҳ унга мол-дунё ва ўғиллар берганини билдим. Шаҳарга кириб, карвон аҳлига йўлиқдик. У аёлдан: «Ўғилларингизнинг исми нима?» – деб сўрадим.

У аёл: «Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ» (Бақара, 140), – деди.

Мен уларни баланд овоз билан чақирдим. Шунда учта чиройли, илмли ва фазлли йигитлар югуриб келишди. Улар карвон ичида оналарини йўқотиб қўйиб, паришон бўлиб юришган экан. Бир-бирларини кўриб жуда хурсанд бўлишди. Мен кетишга изн сўрадим.

У аёл буни сезиб: «Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин ва асирга берарлар» (Инсон, 8), – оятини ўқиб, болаларига мени меҳмон қилишга ишора қилди.

Мен узр айтган эдим, у аёл: «Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз» (Инсон, 9), – деди.

Мен ҳайратланиб, ўғилларидан оналарининг бундай муомаласи ҳақида сўрадим.

Ўғиллари шундай жавоб беришди:

«Бу бизнинг онамиздир. У киши Қуръон ҳофизаси ва ҳадис олимасидир. Дилида «Қиёмат кунида айтган ҳар бир сўзим учун Аллоҳга қандай жавоб бераман?» деган қўрқинч бор. Шу сабабдан 20 йилдан бери Қуръон оятларидан бошқа бирорта сўз онамизнинг тилидан чиққан эмас».

Субҳаналлоҳ! Илоҳий қўрқувнинг намунасини кўринг. Аллоҳ таоло тилларимизни беҳуда сўзлардан Ўзи асрасин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: