Султонлар билан бир дастурхонда сариёғ, ерёнғоқ ва бодом эзмаси ейдиган даражага етади

Султонлар билан бир дастурхонда сариёғ, ерёнғоқ ва бодом эзмаси ейдиган даражага етади

Илм инсонни юксалтирур: Имом Абу Юсуфнинг зафар йўли

Ислом оламида Имом Абу Юсуф (асл исми Яъқуб бин Иброҳим Ансорий) номи билан танилган бу улуғ зот Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратларининг энг пешқадам шогирди ва Ҳанафий мазҳабидаги илк китоб муаллифидир. У киши 731-йили Кўфада туғилиб, 798-йилда Бағдодда вафот этган.

Қуйидаги воқеа Имом Абу Юсуфнинг илм йўлидаги машаққатлари ва устозининг буюк башорати ҳақида ҳикоя қилади.

Тикувчиликдан илм мажлисига

Имом Абу Юсуф ёшлигини шундай хотирлайди: «Отам вафот этганида мен ҳали гўдак эдим. Онам тирикчилик вожиблигини ўйлаб, ҳунар ўрганишим учун мени бир тикувчига шогирдликка берди. Бироқ менинг кўнглим илмга боғланган эди. Тикувчиликни ташлаб, Имоми Аъзам ҳазратларининг илм мажлисларига қатнай бошладим.

Кунлар ўтиб, онам бундан хабар топди ва устозимнинг ҳузурига келиб, дардини айтди: — Тақсир! Сизнинг шароитингиз яхши, лекин биз камбағалмиз. Ўғлим ҳунар ўрганиб, рўзғор учун пул топиши керак, — деди.

Шунда Имоми Аъзам ҳазратлари онамга қараб, табассум билан шундай дедилар: — Сиз хавотир олманг, уни ўз ҳолига қўйинг. Ўғлингиз бу ерда шундай илм оляптики, тез орада султонлар билан бир дастурхонда сариёғ, ерёнғоқ ва бодом эзмаси ейдиган даражага етади. Унинг кундалик эҳтиёжлари учун мен ўзим пул бериб тураман».

Башоратнинг ижобати

Онам бу гаплардан ҳайрон бўлиб уйга қайтди. Мен эса устозимнинг хизматида ва илм мажлисларида собитқадам бўлдим. Аллоҳ таоло илм эшикларини менга кенг очиб қўйди. Вақти келиб, Бағдодда Бош қозилик вазифасига тайинландим.

Бир куни Аббосийлар халифаси Хорун ар-Рашид билан бирга дастурхон атрофида ўтирган эдик. Хизматкорлар дастурхонга сариёғ, ерёнғоқ ва бодомдан тайёрланган ноёб ширинлик келтиришди. Халифа менга қараб: — Бундан тановул қилинг! Бундай неъматлар ҳамма вақт ҳам насиб қилавермайди, — деди.

Шу лаҳзада беихтиёр табассум қилдим. Халифа бунинг сабабини сўраганида, болалигимда устозим Имоми Аъзам айтган ўша гапларни сўзлаб бердим.

Илм — энг баланд мартаба

Хорун ар-Рашид ҳайрат ичида қолди ва шундай деди:

«Ҳақиқатан, илм инсонни юксалтиради! Имоми Аъзамнинг қалб кўзлари очиқ экан. Оддий одамлар бошидаги кўзи билан кўра олмаган келажакни, у зот қалб нури билан кўрган эканлар».


Манба: «Ислом олимлари энциклопедияси» (2-жилд, 255-бет)

Дўстларингизга ҳам юборинг: