Парижда “оловли” кеча: ПСЖ ва “Бавария” ўртасидаги дастлабки ўйин драматик якун топди (Видеошарҳ)

Парижда “оловли” кеча: ПСЖ ва “Бавария” ўртасидаги дастлабки ўйин драматик якун топди (Видеошарҳ)

УЕФА Чемпионлар Лигасининг ярим финал босқичига старт берилди. Париж шаҳридаги “Парк де Пренс” стадионида бўлиб ўтган шиддатли баҳсда “ПСЖ” “Бавария”ни 5:4 ҳисобида мағлуб этди.

Ўйин икки жамоанинг фаол ҳужумлари остида ўтди. Ҳисоб 17-дақиқада Мюнхен клуби ҳужумчиси Ҳарри Кейн томонидан очилди. Англиялик футболчи белгиланган пенальтини аниқ амалга ошириб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Шундан сўнг парижликлар фаолликни оширди. 24-дақиқада Хвича Кварацхелия чиройли гол билан мувозанатни тиклади. 33-дақиқада бурчак зарбасидан узатилган тўпни Жоау Невеш бош билан Мануэль Нойер қўриқлаётган дарвозага жойлаб қўйди ва “ПСЖ”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
41-дақиқада “Бавария”нинг франциялик вингери Майкл Олисе гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлим якунида майдон эгалари яна ҳужумга урғу берди ва 45+5-дақиқада Усмон Дембеле ўзи ишлаган пенальтини аниқ амалга ошириб, яна “Пари Сен-Жермен”га устунлик тақдим этди — 3:2.
Иккинчи бўлим, кутилганидек, ёрқин вазиятларга бой бўлди. 56-дақиқада Хвича Кварацхелия, 58-дақиқада Усмон Дембеле гол уриб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди — 5:2.
Бироқ, “Бавария” яна устунликни қўлга олди ва 65-дақиқада Дайо Упамекано бош билан Матвей Сафонов дарвозасини ишғол этди. 70-дақиқада Мюнхен жамоасининг колумбиялик вингери Луис Диас ҳисобни қисқартирди — 5:4. Мазкур ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади.
Жамоалар ўртасидаги иккинчи тўқнашув 7 май оқшомида Мюнхен шаҳридаги “Аллианс Арена” стадионида ўтказилади.
УЕФА Чемпионлар Лигаси
1/2 финал, дастлабки учрашув
“ПСЖ” — “Бавария” 5:4

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: