TEPE Sigeman шахмат турнири. Абдусатторов аутсайдер билан тезкор дурангга имзо чекди
Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича нуфузли TEPE Sigeman турнирида муваффақиятли иштирок этмоқда. У 5-тур доирасида швециялик Нилс Гранделиусга қарши баҳс олиб борди ва дуранг қайд этди.
Томонлар ўзлари учун олдиндан белгилаб олган дебют вариантларига боришди ва фигуралар алмашиниб кетди. 26-юришга келиб тахтада 4 та пиёда ва биттадан ҳар хил хонада юрувчи руҳ қолди. Шахматчилар юришларни 3 марта такрорлаб, дурангни қайд этишди.
Шу тариқа, Нодирбек очколари сонини 3,0 тага етказиб олган ҳолда қўшимча кўрсаткичларга кўра, 3-ўринни эгаллаб турибди. Биринчи ўринга эса ҳиндистонлик Аржун Эригаиси кўтарилиб олди (3,5 очко). Гранделиус эса кетма-кет 4 та мағлубиятдан кейин илк ярим очкосини қўлга киритди.
Мусобақа 7 майга қадар Швециянинг Мальмё шаҳрида бўлиб ўтади.
Вақт назорати ва ўзига хос қоидалар
Турнир классик шахмат қоидаларига кўра, қуйидаги вақт назоратида ўтказилади:
Дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа;
Ўйин охиригача эса яна 30 дақиқа вақт берилади;
Биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сония қўшиб борилади.
Мусобақада «Малмё қоидалари» амал қилади — унга кўра, ўйинчилар 40-юришга қадар ўзаро дурангга келишишлари тақиқланади.
Мусобақа формати
8 нафар иштирокчи 7 та тур давомида айланма (роунд-робин) тизимида бир-бирига қарши баҳс олиб боради.
Маълумот учун, ушбу турнирда кетма-кет икки йилдан буён ўзбекистонлик шахматчилар ғалаба қозонган. 2024-йилда Нодирбек Абдусатторов, 2025-йилда эса Жавоҳир Синдоров чемпионликни қўлга киритган.
