Олий маълумот керакми? Нима учун ҳозирги авлоди университетлардан воз кечмоқда?

Олий маълумот керакми? Нима учун ҳозирги авлоди университетлардан воз кечмоқда?

Ўн йиллар давомида олий маълумот муваффақиятли карьера ва молиявий барқарорликнинг ягона калити ҳисобланар эди. Бироқ бугунги кунда «Z авлоди» (1997–2012 йилларда туғилганлар) бу қарашларни бутунлай ўзгартирмоқда. Дунё бўйлаб ёшлар диплом олишдан кўра, амалий кўникма ва тажрибага кўпроқ урғу беришмоқда.

Дипломдан ҳафсаласи пир бўлганлар

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, «Z авлоди» академик билимларнинг қийматига шубҳа билан қарамоқда:
Indeed Hiring Lab маълумотларига кўра, америкалик зумерларнинг 51 фоизи олий маълумот олиш учун сарфланган харажатларни ўзини оқламайди деб ҳисоблайди.
Уларнинг 31 фоизи эса университетга кириш фикридан бутунлай воз кечган.
*Таққослаш учун, «бэби-бумерлар» авлодининг фақат 20 фоизигина ўз таълимини «беҳуда сарфланган маблағ» деб атаган.
Иқтисодий тўсиқ: Таълимнинг қимматлаши
Бу тренднинг асосий сабабларидан бири — ўқиш нархларининг кескин кўтарилишидир. АҚШда сўнгги 20 йилда олий таълим нархи 32–45 фоизга ошган бўлса, Россияда бу кўрсаткич анча юқори. 2025/26 ўқув йилида етакчи Россия олийгоҳларида ўқиш нархи йўналишига қараб 25 фоиздан 60 фоизгача қимматлашди.
Ҳозирда Россияда йиллик ўқиш пули ўртача 225 минг рублни ташкил этмоқда, бу эса Европадаги кўплаб давлатлардаги нархлардан қимматроқдир. Натижада, 2025 йилда 9-синф битирувчиларининг ярмидан кўпи мактабда қолишдан кўра, коллеж ва техникумларда касб ўрганишни афзал кўришган.
Технологиялар ва меҳнат бозорининг ўзгариши
«Рақамли авлод» вакиллари университет дастурлари замонавий технологиялардан орқада қолаётганини таъкидламоқда. Сунъий интеллект ва рақамли сервислар шиддат билан ривожланаётган бир пайтда, онлайн курслар аниқ кўникмаларни тезроқ ва арзонроқ ўргатмоқда.
BigTech компанияларнинг янги ёндашуви:
Google ва Apple каби гигантлар аллақачон олий маълумоти йўқ номзодларни ишга олишни бошлаган.
Ҳозирда иш берувчилар учун дипломдан кўра, амалий тажриба ва кўникмалар (skills) муҳимроқ аҳамият касб этмоқда.
Иш ва шахсий ҳаёт мувозанати
Зумерлар аввалги авлодлар каби «мансаб пиллапояларидан кўтарилиш»га ружу қўйишмаган. Улар учун асосий устуворлик — иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатдир. 91 фоиз ёшлар учун бу энг муҳим омил. Шунингдек, улар битта жойда раҳбар бўлишдан кўра, бир нечта йўналишда (фриланс ёки қўшимча иш) фаолият юритиб, кўпроқ даромад топишни маъқул кўришмоқда.

Дунё ўзгариб бормоқда. Dell Technologies прогнозига кўра, 2030 йилда мавжуд бўладиган иш ўринларининг 85 фоизи ҳали бозорда пайдо бўлмаган. Бундай шароитда мослашувчанлик ва доимий ўрганиш дипломи бор мутахассис бўлишдан кўра муҳимроқ аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

Материал Finam.ru ва Deloitte тадқиқотлари асосида тайёрланди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: