Wall Street Journal: Исроил Ироқ ҳудудида махфий ҳарбий база қурган
Wall Street Journal нашрининг таъкидлашича, Исроил Эрон билан содир бўлган сўнгги ҳарбий тўқнашувлардан анча аввал Ироқ саҳросининг ичкарисида тўлиқ махфийлаштирилган ҳарбий объект барпо этган.
Журналистларнинг маълумотларига кўра, қурилиш ишлари расмий Вашингтоннинг розилиги билан амалга оширилган. Бироқ АҚШ қуролли кучлари бу жараёнда бевосита иштирок этмаган.Мазкур база Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг Эрон позицияларига берган зарбаларида асосий бўғин вазифасини ўтаган. Бу шунчаки учиш-қўниш йўлаги эмас, балки тўлақонли ҳарбий мажмуа сифатида фаолият юритган.
Манбага кўра, объект ҳудудида махсус топшириқли бўлинмалар жойлаштирилган ва ҳаво логистикаси маркази ташкил этилган. Бу Исроилга Эрон чегаралари яқинида туриб, ҳарбий операцияларни мувофиқлаштириш ва авиацияни зарур ресурслар билан таъминлаш имконини берган.
Ҳозирча Ироқ расмийлари ёки Исроил мудофаа вазирлиги ушбу резонансли маълумот юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.
