«Манчестер Сити»да хушхабар: Гвардиола «Кристал Пэлас»га қарши ўйин олдидан Родри ва Ҳусанов ҳақида гапирди
«Манчестер Сити» чоршанба куни Премьер-лиганинг қолдирилган ўйинида «Кристал Пэлас»га қарши майдонга тушади. «Шаҳарликлар» ушбу баҳсда ғалаба қозониб, пешқадам «Арсенал» билан орадаги фарқни икки очкогача қисқартиришдан умидвор.
Хосеп Гвардиоланинг таъкидлашича, жамоа бор эътиборини фақат ўз ўйинига қаратган. Айниқса, жароҳатдан фориғ бўлган Родри ва Абдуқодир Ҳусановнинг таркибга қайтиши жамоа учун катта куч бўлиши кутилмоқда.
Матбуот анжуманида Гвардиола жамоанинг кайфияти ҳақидаги саволга шундай жавоб берди: «Ҳаммаси бир кун, икки кун ёки бир ҳафта олдин қандай бўлса, шундайлигича қолмоқда».
Шунингдек, испаниялик мутахассисдан «Арсенал»нинг «Вест Хэм» устидан қозонган ғалабаси режаларни ўзгартирган-ўзгартирмагани ҳақида сўрашди.
«Бизнинг мақсадимиз — «Кристал Пэлас»ни мағлуб этиш ва нима қилишимиз кераклиги ҳақида ўйлаш. Мураббийлик фаолиятим давомида бир нарсани ўрганганман: ўзинг назорат қила олмайдиган нарсаларни шунчаки унут», — дея хулоса қилди Гвардиола.
