Илтимос, Эрон билан келиштириб беринглар!..
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Теҳронни «беқарорликнинг улкан манбаи» деб атади.
Америка делегацияси Пекинга ташрифи давомида Хитой ҳукуматини Эрон билан боғлиқ зиддиятда ва Форс кўрфазидаги вазиятда «фаолроқ рол ўйнашга» кўндиришга ҳаракат қилади. Бу ҳақда 13 май куни АҚШ давлат котиби Марко Рубио баёнот берди.
Сиёсатчининг ишонч билдиришича, Теҳрон «беқарорликнинг улкан манбаи» ҳисобланади ва Осиё мамлакатларига бошқаларга қараганда кўпроқ салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
«Буни ҳал қилиш Пекиннинг манфаатларига мос келади. Биз уларни Эронни ҳозирда Форс кўрфазида қилаётган ва қилишга уринаётган ишларидан воз кечишга мажбурлашда фаолроқ рол ўйнашга кўндиришдан умидвормиз», — деди АҚШ давлат котиби Fox News телеканалига берган интервьюсида.
Рубио, шунингдек, АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолиш энг муҳим кун тартибидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Трамп давлат ташрифи билан Хитойга келди
Ушбу ташриф Америка етакчисининг охирги тўққиз йил ичида Хитой Халқ Республикасига илк бор келиши бўлди.
АҚШ президентининг Пекинга ташрифи ҳақида 11 май куни маълум бўлган эди. Америка етакчисининг ташрифи 15 майгача давом этади. Рамзий ташриф давомида Трамп ХХР раиси Си Цзиньпин билан савдо, қуролланиш ва Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилиш ниятида.
Қайд этилишича, Пекиндаги учрашув дастлаб март ойига режалаштирилган эди, бироқ Эрондаги чўзилиб кетган ҳарбий кампания туфайли Америка томони учрашувни кўчиришни сўраган. Икки давлат раҳбарларининг музокаралари 14–15 май кунларига белгиланган.
