Янги Жеймс Бонд қидируви бошланди: 007 агенти роли учун кастинг старт олди
Ҳолливудда янги Жеймс Бонд ролини ижро этадиган актёрни танлаш жараёни расман бошланди.
Amazon MGM Studios компанияси баёнотига кўра, агент 007 учун кастинглар аллақачон бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда.
Сўнгги беш фильмда Жеймс Бонд образини гавдалантирган Дэниел Крэйг франшизани тарк этганидан кейин, мухлислар орасида янги Бонд ким бўлиши ҳақидаги муҳокамалар янада кучайди.
Айни пайтда британиялик актёр Каллум Тёрнер асосий фаворитлардан бири сифатида тилга олинмоқда.
Маълум қилинишича, янги фильмни «Дюна» режиссёри Дени Вильнёв суратга олади, сценарийни эса «Peaky Blinders» муаллифи Стивен Найт ёзади.
Кастинг ишларига Ҳолливуднинг машҳур кастинг директори Нина Голд раҳбарлик қилмоқда. У аввал «Paddington», «Star Wars», «Jurassic Park» ва «Mamma Mia!» каби йирик лойиҳаларда ишлаган.
