Пайғамбаримизнинг гўзал ахлоқлари ва бир дирҳамнинг баракаси

Пайғамбаримизнинг гўзал ахлоқлари ва бир дирҳамнинг баракаси

«Зодул Муқвин» китобида кўнгилларни титратувчи шундай бир воқеа зикр қилинади:

Сарвари коинот Расул алайҳиссаломнинг бир кекса кампир қўшнилари бор эди. Бир куни ўша аёл қизини йўллаб: “Намоз ўқишга лойиқ либосим йўқ. Расулуллоҳга айтинг, менга намозлик кийим берсинлар”, деб илтимос қилди. Ўша пайтда Аллоҳнинг Расулида ҳам ортиқча кийим йўқ эди. Шундай бўлса-да, муборак эгниларидаги кўйлакни ечиб, ўша аёлга бериб юбордилар.

Намоз вақти бўлди. Бироқ Пайғамбаримиз эгниларида кийим бўлмагани учун масжидга чиқа олмадилар. Бу ҳолдан хабар топган асҳоби киром лол қолдилар: «Аллоҳнинг Расули шу қадар сахийлик қиляптиларки, ҳатто либоссиз қолиб, масжидга келолмадилар. Келинглар, биз ҳам бор-будимизни фақирларга тарқатамиз!» дейишди.

Шунда Аллоҳ таоло Ўз Ҳабибига “Исро” сурасининг 29-оятини нозил қилди. Оятда аввал: “Хасислик қилма, ҳеч нарсангни қизғанма!” деб буюрилди, сўнгра эса меъёр кўрсатилди: “Ўзинг чорасиз қолиб, намоз ўқиёлмай ғамга батадиган даражада қўлингдагини сочма! Садақа беришда ўрта йўлни тут!”

Ўша куни намоздан сўнг Ҳазрати Али Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулаллоҳ! Бугун оилам нафақаси учун 8 дирҳам кумуш қарз олгандим. Шунинг ярмини сизга берай, ўзингизга кўйлак сотиб олинг”, деди. Пайғамбаримиз бозорга бориб, 2 дирҳамга бир кўйлак олдилар. Қолган 2 дирҳамга егулик харид қилиш учун кетаётганларида, йўлда бир кўзи ожиз одамнинг: “Аллоҳ ризоси учун, жаннат либосларига қовушиш учун ким менга бир кийим беради?” деб ялинаётганини кўрдилар.

Расулуллоҳ ҳеч иккиланмай, янги олган кўйлакларини ўша кишига туҳфа қилдилар. Кўр одам кўйлакни қўлига олиши билан ундан таралаётган мушки анбардек хушбўй ҳидни сезди ва унинг Расул алайҳиссаломга тегишли эканини англади. Чунки Пайғамбаримиз бир марта кийган кийим эскириб кетса ҳам, ундан доим бетакрор ифор таралиб турарди. Кўзи ожиз киши дарҳол дуога қўл очиб: “Ё Раббим! Шу кўйлак эгасининг ҳурмати, кўзларимни оч!” дея йиғлади. Шу заҳоти унинг икки кўзи равшан бўлди ва у Расулуллоҳнинг муборак оёқларини ўпа бошлади.

Муҳтарам Пайғамбаримиз қўлларида қолган охирги икки дирҳамнинг бир дирҳамига яна кўйлак, қолган бир дирҳамига егулик олиш учун бораётиб, бир чеккада ҳўнграб йиғлаётган хизматчи қизчани кўриб қолдилар ва ундан сўрадилар: — Қизим, нега йиғлаяпсан? — Мен бир яҳудийнинг уйида чўриман, — деди қизча кўз ёшларини артиб. — Бугун хўжайиним бир дирҳам бериб, ярим дирҳамига шиша, ярим дирҳамига ёғ олиб кел, деганди. Йўлда қўлимдан тушиб, шиша ҳам синди, ёғ ҳам тўкилди. Энди нима қилишни билмай ҳайронман.

Расул алайҳиссалом қўлларидаги охирги бир дирҳамни қизчага узатдилар: — Мана буни ол-да, бориб шиша ва ёғ харид қил, уйингга олиб бор. — Лекин мен жуда кеч қолдим, хўжайиним мени калтаклашидан қўрқяпман, — деди қизча хавотирланиб. — Қўрқма, мен сен билан бирга бораман ва сени хафа қилмасликларини илтимос қиламан.

Улар биргаликда яҳудийнинг хонадонига боришди. Эшикни очган яҳудий рўпарасида бутун бошли араб қавмининг раҳбари, улуғ Пайғамбар турганини кўриб, шошиб қолди. Расулуллоҳ бўлган воқеани мулойимлик билан тушунтириб, қизчани кечиришини сўрадилар. Даҳшатдан ва ҳайратдан қалтираган яҳудий Пайғамбаримизнинг оёқларига йиқилиб, шундай деди:

— Минглаб инсонлар бошига тож қилган, минглаб арслон йигитлар биргина амрини кутиб турган эй улуғ Пайғамбар! Оддий бир чўри қизни деб мендек бир ғарибнинг остонасини шарафлантирдингиз-а?! Ё Расулаллоҳ, сизни ҳурматингиз учун бу қизчани озод қилдим! Энди менга иймон ва Исломни ўргатинг, ҳузурингизда мусулмон бўлай!

Расул алайҳиссалом унга иймон калималарини ўргатдилар. Уша заҳоти ҳалиги киши ҳақ динни қабул қилди. У уйига кириб, оиласига бўлган воқеаларни сўзлаб берди ва кўп ўтмай уларнинг барчаси Ислом шарафига ноил бўлишди.

Буларнинг барчаси Икки дунё сарвари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқлари ва муборак қадамларининг баракаси эди.

(Том илмиҳол «Саодати абадия» китобидан)

Дўстларингизга ҳам юборинг: