Эзилиди, шўрлик
ОҚШОМ» ҲАНГОМАЛАРИ
Ахборот бўлимига ҳар куни камида ўнтадан янгилик топиб, газетага бериш шарт қилиб қўйилган эди. Бўлим мудири «информация қироли» деб лақаб олган, кун бўйи оғзи сигаретдан, қулоғи телефондан бўшамас, шаҳардаги қайсики ташкилот бор, янгилик сўрайвериб, ҳол-жонига қўймас эди. Ишимиз тиғиз, асабий бўлгани учун тез-тез телефон ҳазиллари қилиб, ўзимизни овутар эдик. (Ростини айтсам, кўпинча ўзим «шумлик» қилишни яхши кўрар эдим). …Тўлқин ака хонамизга кириб, масалаҳат солди.
— Боядан бери янгилик тополмай эзилиб кетди, шўрлик. Келинг, қизиқарлироқ бирон хабар билан «ёрдам берайлик».
Икковлашиб, антиқа «сенсация» ўйлаб топдик. «Информация қироли»га қўнғироқ қилдим.
— Ассалому алайкум, — дедим овозимни ўзгартириб, — «Оқшом»ми бу?
— Шундай-шундай, — деди ходим ҳовлиқиб.
— Бизнинг институтда бир янгилик бор эди, шуни айтсам майлими, — дейишим билан қувониб кетди.
— Айтинг, дарров ёзиб оламан! — деди шошилиб.
Шундай қилиб, «сенсацияни» бошладим. Мен айтиб турибман, у ёзиб турибди!
— «Тошкент Давлат тиббиёт институтида ноёб жарроҳлик операцияси дунёда биринчи марта қилинди. Уни амалга оширишда хирурглар, нейрохирурглар, лорлар, эндрокринологлар… — шундай деб, тахминан йигирмага яқин оғзимга келган касб эгасининг номини санадим. Сўнг давом этдим. — Бу жаҳоншумул операция бўлгани учун унда Тошкент, Москва, Лондон, Париж, Токио каби шаҳарлардан келган машҳур жарроҳлар, — деб яна ўттизтача ўзбек, рус, инглиз, японча номларни қаторлаштириб ташладим. — Операция роса уч соату йигирма икки дақиқа давом этди. Жарроҳлик жараёнида доцент фалончилар, ассистент фисмадончилар, — деганимда «Информация қироли»нинг тинглайвериб қулоғи, ёзавериб қўли чарчаб кетди шекилли, тоқати тоқ бўлиб сўради.
— Ҳой, барака топкур, қанақа операция қилишди ўзи? Нимани кесишди?
— Қулоқни! — дедим зарда билан. — Охиригача эшитиш керак-да, бундай! Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги бир хўжаликнинг тракторчиси мисли кўрилмаган касалга дучор бўлган. Чап қулоғи ўзидан-ўзи ўсиб кетаверган-кетаверган, охири қирқ сантиметрга етиб, биқинигача осилиб тушган. Шунинг ўттиз уч сантиметрини кесиб…
Шу ерга келганда мен ҳам, Тўлқин ака ҳам чидолмай кулиб юбордик. «Ахборот» чала қолди.
Ўткир Ҳошимов
