Қимор ўйнаётганди!..
«ГАРТКАМ»
Пастқам кўчада тўрт йигит ошиқ отиб, қимор ўйнаётган экан, ҳасса тутган кўзи ожиз одам ўтиб қолибди. Йигитларнинг ўзаро гапини эшитиб, тўхтабди-да, «мен ҳам ошиқ ўйнасам майлими, деб сўрабди. Йигитлар «ўзинг шу аҳволда бўлсанг, қандай қилиб ўйнайсан», деса, «ҳа энди, бир уриниб кўрайлик-чи», дебди. Йигитлар уни эрмак қилиш учун қўлига ўнта ошиқ тутқазишибди. Бояги одам «гарткам!» деб ошиқларни кўча четидаги томга улоқтириб юборибди. Қиморбозлар «Бу нима қилиқ», деса «Чиқиб қара-чи, ошиқлар қанақа тушган экан», дебди.
Йигитлардан бири томга чиқса, ўнта ошиқнинг ҳаммаси «олчи» тушган эмиш. Йигитлар ҳайратланиб, бунақа ҳунарни қандай ўрганганини сўрашган экан, кўзи ожиз айтибди.
— Униси билан ишларинг бўлмасин. Бу «ҳунар»дан орттирганим шу бўлдики, охир-оқибат кўзимни қиморга тикиб, шу аҳволга тушдим…
…Бу — эски ривоят. Ҳозир ҳеч ким ошиқ ўйнамайди. Замонавий казиноларда қанча одам миллионер бўлган, қанчаси кўзини гаровга тикканини билмайман. Аммо қанчаси қамоққа тушгани, қанчаси уй-жой, хотин, бола-чақасини «ютқазиб» қўйгани, қанчаси эсдан оғиб, яна қанчаси бир-бирини ўлдирганини биладиганлар бор…
Ўткир Ҳошимов
