Европада май ойига хос бўлмаган иссиқ ҳарорат қайд этилмоқда

Европада май ойига хос бўлмаган иссиқ ҳарорат қайд этилмоқда

Европанинг қатор давлатларида май ойи учун ноодатий даражада юқори ҳарорат кузатилмоқда. Синоптиклар яқин кунларда янги ҳарорат рекордлари қайд этилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Буюк Британия метеорология хизматининг маълум қилишича, душанба куни Лондоннинг Ҳитроу аэропортида ҳаво ҳарорати 33,5 даражага етган. Бу Буюк Британия учун май ойидаги мутлақ янги рекорд бўлган.

Аввалги рекорд 32,8 даражани ташкил этган бўлиб, у 1922 йил 22 май куни Лондоннинг Кемден ҳудудида қайд этилган.

Синоптиклар сешанба куни Буюк Британияда ҳарорат 35 даражагача кўтарилиши мумкинлигини билдирмоқда.

Испанияда якшанба куни 38 даража иссиқ қайд этилган. Франция, Германия, Швейцария, Испания ва Италиянинг шимолий ҳудудларида ҳаво ҳарорати май охири учун меъёрий кўрсаткичлардан 10–15 даражага юқори бўлмоқда.

Мутахассислар аномал иссиқликни Эл-Нинё билан боғламоқда. Бу тропик Тинч океани сувларининг исиши билан боғлиқ табиий иқлим ҳодисаси ҳисобланади.

Шунингдек, Европа Иттифоқининг иқлим ҳолати бўйича ҳисоботида Европа энг тез исиб бораётган қитъа экани, иссиқ тўлқинлари эса тобора тез-тез ва кучлироқ кузатилаётгани қайд этилган.

Аввалроқ Ўзгидромет 2026 йил ёзида Ўзбекистонда ҳам ҳаво одатдагидан иссиқроқ бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Дастлабки прогнозларга кўра, айрим даврларда ҳарорат 45–47 даражагача етиши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: