Зеленский Трампга хат ёзиб, Украина осмонини Россия ракеталаридан ҳимоя қилишни сўради

Зеленский Трампга хат ёзиб, Украина осмонини Россия ракеталаридан ҳимоя қилишни сўради

-Владимир Зеленский Трамп ва АҚШ Конгрессига хат йўллаб, унда ҳаво мудофаа тизимлари етишмаётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Kyiv Independent» наши. Хат матнини Аxios агентлиги журналисти Барак Равид эълон қилди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина дронлардан ҳимояланишда сезиларли муваффақиятларга эришган, бироқ ҳозирча ўзининг ракетага қарши мудофаа тизимларини ишлаб чиқара олмайди.

«Ракеталардан ҳаво мудофаа тизими орқали ҳимояланиш масаласида биз бутун дунёдаги дўстларимиз ва ҳамкорларимизга таянмоқдамиз. Баллистик ракеталардан ҳимояланишда эса деярли бутунлай Қўшма Штатларга таянамиз», — дейди Зеленский.

У «Patriot» тизимлари Россия баллистик ракеталарининг барча турларига қарши “энг самарали мудофаа воситаси бўлиб қолаётганини” таъкидлади.

Зеленский PURL дастури доирасидаги қурол-яроғ етказиб беришнинг ҳозирги суръатлари “биз дуч келаётган таҳдиднинг реал ҳолатига энди мос келмаётганини” қўшимча қилди.

Маълумот учун, PURL дастури — Европа давлатлари маблағлари ҳисобидан Украина учун АҚШ қуролларини сотиб олиш бўйича NATO ташаббусидир.

Дўстларингизга ҳам юборинг: