Туркияда сайёҳларни олиб кетаётган автобус аянчли ҳалокатга учради
Туркиянинг Денизли провинциясида йўловчи автобуси иштирокида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда «Haqqin.az» нашри хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, Измир – Анталья йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган йўловчи автобуси Денизли вилоятининг Сарайкўй тумани ҳудудида бошқарувни йўқотган. Шундан сўнг транспорт воситаси ағдарилиб кетган ва сониялар ичида кучли ёнғин исканжасида қолган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида юзага келган кучли зарб ва даҳшатли ёнғин туфайли ҳалокат жойида 8 киши ҳалок бўлди. Шунингдек, турли даражадаги тан жароҳатлари олган 33 нафар йўловчи зудлик билан яқин атрофдаги тиббиёт муассасаларига ётқизилган.
Ҳозирги вақтда фожиа юз берган ҳудудда қутқарув хизмати ходимлари, шифокорлар ва полиция бригадалари иш олиб бормоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан авариянинг келиб чиқиш сабаблари ва барча тафсилотлари ўрганилмоқда.
