КАННАВАРО: «Мағлубиятдан фожиа ясаманг!»
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Канададан учраган қақшатқич ва шармандали мағлубияти (0:2) ҳали-бери мухлисларнинг тилидан тушмайдиган кўринади! Жаҳон чемпионати остонасида турган жамоамизнинг бундай ожиз ўйини ижтимоий тармоқларда катта портлаш ва норозиликлар тўлқинини пайдо қилди. Бироқ жамоамизнинг италиялик бош мураббийи Фабио Каннаваро мағлубиятдан кейинги матбуот анжуманида ҳаммани лол қолдирадиган, совуққон баёнот берди!
Каннаваро ўйин якунлангач, ОАВ ходимлари қаршисида туриб, гўёки ҳеч нарса бўлмагандек, мухлислар ва экспертларнинг асабини синайдиган фикрларни илгари сурди. У ўз сўзида шундай деди:
«Хатоларни 10 кундан кейинги расмий ва тақдирни ҳал қилувчи ўйинларда эмас, айнан мана шундай ўртоқлик баҳсларида қилган яхшироқ!»
Бу хотиржамлик ортида нима яширин: Стратегия тизимими ёки масъулиятдан қочиш?
Мураббийнинг бу гаплари ўзбекистонлик ашаддий футбол ишқибозларининг ғазабини янада оловлантириши аниқ! Тўғри, бу бор-йўғи ўртоқлик учрашуви эди. Аммо ЖЧ бошланишига саноқли кунлар қолганда жамоада ҳеч қандай ижобий ўзгариш кўринмаса, мухлислар қандай қилиб хотиржам бўла олади?! Каннаваронинг «ўртоқлик баҳсида хато қилган яхши» деган фалсафаси Жаҳон чемпионатининг расмий ўйинларида панд бермайдими?
Мухлислар СИ (сунъий интеллект) ёрдамида терма жамоа аъзолари ва мураббийлар штаби устидан карикатуралар чизиб, тармоқларни «ёндираётган» бир пайтда, Каннаваронинг бу баёноти оловга бензин сепиш билан баробар бўлди.
Агар 10 кундан кейин бошланадиган расмий ўйинларда ҳам худди шундай мазмунсиз ва хатоларга бой ўйин такрорланса, Фабио Каннаваро учун Ўзбекистонда «сичқоннинг ини минг танга» бўлиб кетиши ҳеч гап эмас! ЖЧ саралашидаги ҳаёт-мамот ўйинлари яқинлашмоқда. Кўрамиз, Каннаваро ваъда қилган ўша «ҳақиқий ва хатосиз ўйин»ни ўн кундан кейин кўра оламизми ёки бу шунчаки баҳонами?.. Мухлисларнинг сабр косаси тўлиб бўлди!
