Андижонда 35 млрд сўмлик солиқ кешбеки ўмарилди
Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан “Soliq” иловаси орқали 35,1 млрд сўм маблағ кешбек сифатида талон-торож қилингани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда 6 нафар фуқаро ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, фуқаро Ў.Қ.нинг номига 3 та, фуқаро Н.Ю.нинг номига 5 та ва Р.Х.нинг номига 1 та МЧЖ ташкил этиб, ушбу МЧЖлар ўртасида ҳеч қандай молиявий алоқалар амалга оширилмаган бўлса-да, 2026 йилнинг март-апрел ойларида жами 1,1 трлн сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактураларини расмийлаштириб, гўёки савдодан тушган пул маблағларини кирим қилиб, фуқароларга сотилгани ҳақида чеклар чиқариб, жами 100 458 нафар фуқарога “Soliq” иловаси орқали кешбек сифатида тўлаб берилгани оқибатида 35,1 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Қайд этилишича, Андижон вилояти солиқ бошқармаси масъул шахслари ва бошқалар юқоридаги МЧЖлар томонидан жами 1,1 трлн сўмлик ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилгани ҳолатлари бўйича корхоналарнинг ҚҚС гувоҳномаларини бекор қилиш чораларини кўрмаган, шунингдек, шубҳали операциялар ҳақида Департаментга хабар бермаган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, прокуратурага юборилган.
