ЖАНОЗАДА ОЁҚ КИЙИМИНИ ЕЧИБ, УСТИГА ЧИҚИБ НАМОЗ ЎҚИШ

ЖАНОЗАДА ОЁҚ КИЙИМИНИ ЕЧИБ, УСТИГА ЧИҚИБ НАМОЗ ЎҚИШ

САВОЛ: Мен қишлоғимизда бир хонадонга жаноза намозига борганимда бир одам оёқ кийимини ечиб, устига чиқиб намоз ўқиди. Сўрасам, шундай гап бор, деди. Ҳақиқатан ҳам жаноза намозида шундай қилиш керакми?
– ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Жаноза намозида ҳам бошқа намозлар каби намозхон турган жойнинг пок бўлиши шарт. Агар намозхоннинг оёғи остида нажосат бўлса, оёқ кийимини ечиб, унинг устига чиқиб намоз ўқиса, пок жойда турган ҳисобланади.
Бу ҳақда «Муҳити Бурҳоний» китобида шундай дейилган:
وَإِذَا صَلَّى عَلَىٰ مَوْضِعٍ نَجِسٍ، وَفَرَشَ نَعْلَيْهِ، وَقَامَ عَلَيْهِمَا جَازَ، وَلَوْ كَانَ لَابِسًا لَهُمَا لَا يَجُوزُ؛ لِأَنَّهُمَا يَكُونَانِ تَبَعًا لَهُ حِينَئِذٍ.
Яъни:
«Агар киши нажосат бор жойда намоз ўқиса ва оёқ кийимини ечиб, унинг устига чиқиб турса, жоиз бўлади. Аммо ўша нажосатли жойда оёқ кийимини кийган ҳолда намоз ўқиса, жоиз бўлмайди. Чунки бу ҳолатда оёқ кийим намозхонга тобе ҳисобланади».
Шунингдек, «Ҳошиятут Таҳтовий» китобининг жаноза бобида қуйидагилар келган:
وَلَوِ افْتَرَشَ نَعْلَيْهِ وَقَامَ عَلَيْهِمَا جَازَ، فَلَا يَضُرُّ نَجَاسَةُ مَا تَحْتَهُمَا، لَكِنْ لَا بُدَّ مِنْ طَهَارَةِ نَعْلَيْهِ مِمَّا يَلِي الرِّجْلَ لَا مِمَّا يَلِي الْأَرْضَ.
Яъни:
«Агар намозхон оёқ кийимини ечиб, унинг устида туриб намоз ўқиса, жоиз бўлади. Уларнинг остидаги ернинг нажосатли бўлиши зарар қилмайди. Лекин оёқ кийимининг ерга тегиб турган қисми эмас, балки оёқ тегиб турган устки қисми пок бўлиши шарт».
Демак, жаноза намозида оёқ кийимини ечиб устига чиқиб туриш шарт эмас. Аммо ерда ёки оёқ кийими тагида нажосат бўлиши эҳтимоли бўлса, бу яхши эҳтиёт чорасидир.
Айниқса, бизнинг қишлоқ жойларда бу масала янада аҳамиятли. Биз деҳқончилик билан тирикчилик қиладиган инсонлармиз. Ер унумдор бўлиши учун мол ва қўй гўнгларини соламиз. Гўнг тўлиқ чириб тупроққа айланиб кетса майли, аммо баъзан ҳали чиримаган ҳолда ҳам устига чиқишга тўғри келиб қолади. Шунингдек, инсон ҳар куни ҳожатхонага киради, турли жойларда юради. Оёқ кийимининг тишлари орасига нажосат ёки шубҳали нарса кириб қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Шу сабабли баъзи тақводор инсонлар ҳатто ер минг марта пок бўлса ҳам, жаноза намозида оёқ кийимини ечиб, унинг устига чиқиб олишни афзал кўрадилар.
Мен бу мавзуга оид уч воқеага гувоҳ бўлганман.
Биринчиси Ўзган шаҳрида бўлган эди. Давлат идораларидан бирида ишлайдиган бир инсоннинг отаси вафот этди. Марҳум аҳли илмларга муҳаббатли, диндор инсон эди. Шу сабабли кўплаб имом-домлалар ва устозлар жанозага йиғилдик.
Ҳовлига кираётганимизда марҳумнинг ўғли остонада туриб олиб ҳар бир кирган одамнинг қўлига иккитадан салафан пакет бериб киргизарди. Аввалига бунинг сабабини тушунмадик.
Жанозага ҳозирлик қилинаётганда ўша ўғил жамоатга мурожаат қилиб шундай деди:
«Ҳурматли жамоат! Аввало хуш келибсизлар. Отамнинг охирги васиятлари бор эди. У киши: “Ўғлим, қачон вафот этсам, жанозамга одамлар йиғилганда уларнинг намози тўлиқ ва дуруст бўлишини истайман. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозасида қирқта мўмин қатнашган инсон ҳақида хайрли башоратлар берганлар. Мен ҳам охирги сафаримга кузатилаётганимда мен учун дуо қилган одамларнинг жаноза намози тўлиқ бўлишини хоҳлайман. Ибодати Исломия китобида намозхоннинг оёғи ости пок бўлиши шартлиги айтилган. Шунинг учун келган меҳмонларга менинг илтимосимни етказ. Агар имкони бўлса, оёқ кийимларини ечиб, пакетларни ерга ёзиб, шунинг устида туриб жаноза намозини ўқишсин”, деган эдилар», деди.
Шундан кейин жамоат салафан пакетларни ерга ёзиб, уларнинг устида жаноза намозини ўқиди.
Иккинчи воқеа Чон-Алайда бўлган. Бир хонадонга жанозага кирсак, эшик олдида икки киши пресс қилинган пичан боғламларини ечиб, икки боғдан пичан ўтларни тарқатиб турибди. Ҳар бир кирган одамга биттадан узатиб:
«Намоз вақтида оёқларингиз остига солиб оласизлар», деб қўярди.
Шунда ичимдан: «Қурби етган пакет тарқатибди, қурби етмаган пичан тарқатибди. Аммо мақсад битта – жаноза намози пок жойда ўқилсин», деб ўйлагандим.
Учинчи ҳолатни эса Тожикистонда кўрганман. У ерларда жаноза намозлари учун атайлаб тайёрланган эни тахминан қирқ сантиметрлик узун клёнка-салафанлар бўлади. Қаерда жаноза бўлса, ўша тасмалар ҳовлига ёйиб чиқилади. Намозхонлар ана шу тасмалар устида туриб жаноза намозини адо қиладилар.
Бу ишлардан мақсад одамларга қийинчилик туғдириш эмас. Балки имкони борича намозни янада эҳтиёткорлик билан адо қилишдир.
Хулосаи калом, жаноза намозида оёқ кийимини ечиб, унинг устига чиқиб намоз ўқиш вожиб ҳам эмас, шарт ҳам эмас. Аммо ерда ёки оёқ кийими тагида нажосат бўлиши эҳтимоли бўлса, бу яхши эҳтиёт чораси ҳисобланади. Айниқса, қишлоқ жойларда, мол-ҳол, деҳқончилик ва турли ишлар билан боғлиқ шароитларда бунинг ҳикмати янада яхши англашилади.
Атайлаб меҳнат қилиб жанозага борганингиздан кейин ўқиган жаноза намозингиз ҳам тўлиқ ва дуруст бўлиб, намоз ўрнига ўтсин. Шунинг учун покликка аҳамият бериш ва имкони бўлса эҳтиёт чораларини кўриш яхши амаллардандир.
Валлоҳу аълам.
Шамс…..
Дўстларингизга ҳам юборинг: