Қутб музликлари эриши Ернинг вақт тизимига ҳам таъсир кўрсатмоқда
Иқлим ўзгариши сўнгги йилларда асосан ҳаво ҳароратининг ошиши, қурғоқчилик ва тошқинлар каби муаммолар билан боғлаб келинмоқда. Бироқ янги илмий тадқиқотлар бу жараённинг таъсири анча кенг эканини, ҳатто Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлигига ҳам таъсир қилаётганини кўрсатмоқда.
Олимларнинг маълум қилишича, қутб ҳудудларидаги улкан муз қатламларининг эриши Ердаги масса тақсимотини ўзгартиради. Музлар эриб океанларга қўшилганда, масса қайта тақсимланади ва бу сайёранинг инерциясига таъсир қилиб, унинг айланиш динамикасини секин ўзгартиради.
Тадқиқотларга кўра, ҳозирги кунда сутканинг давомийлиги ҳар асрда ўртача 1,33 миллисонияга ортиб бормоқда. Бу жуда кичик рақам бўлса-да, узоқ муддатли ҳисоб-китобларда сезиларли аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Олимлар бундай ўзгаришлар илгари кузатилмаган даражада эканини таъкидламоқда.
Бу ўзгаришлар оддий инсон кундалик ҳаётида сезилмайди, аммо GPS навигацияси, сунъий йўлдошлар, авиация ва юқори аниқликка эга вақт тизимлари учун жуда муҳим ҳисобланади. Миллисония даражасидаги фарқлар ҳам бу технологияларнинг аниқлигига таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, аввалги тадқиқотлар музликларнинг эриши фақат айланиш тезлигига эмас, балки денгиз сатҳининг кўтарилиши ва Ер шаклидаги геофизик ўзгаришларга ҳам сабаб бўлишини кўрсатган. Олимлар бу жараёнларнинг узоқ муддатли оқибатларини ўрганишда давом этмоқда.
