АҚШ–Эрон келишуви: Ҳурмуз бўғози қайта очиладими?

АҚШ–Эрон келишуви: Ҳурмуз бўғози қайта очиладими?

АҚШ ва Эрон ўртасида урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Воситачи сифатида иштирок этаётган Покистон расмийларига кўра, келишув жума куни Швейцариянинг Женева шаҳрида имзоланиши мумкин.

Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари давлат телеканали орқали келишувга эришилганини маълум қилди. Мамлакатнинг юқори ҳарбий раҳбарияти эса буни Теҳроннинг сиёсий ва дипломатик ғалабаси сифатида баҳоламоқда.

Ҳозирча келишувнинг тўлиқ матни расман эълон қилинмаган. Бироқ маълумотларга кўра, асосий мақсад 8 апрель куни эришилган сулҳни яна 60 кунга узайтириш, ҳарбий ҳаракатлардан воз кечиш ва музокараларни давом эттиришдан иборат.

Эроннинг ярим расмий Mehr агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, 14 банддан иборат ўзаро англашув меморандуми лойиҳасида қуйидаги шартлар мавжуд:

— Ливанни ҳам қамраб олган ҳолда барча фронтларда доимий сулҳ ўрнатиш;

— АҚШнинг Эрон ички ишларига аралашмаслик мажбурияти;

— 30 кун ичида АҚШнинг денгиз блокадасини бекор қилиш;

— АҚШ қўшинларини Эрон атрофидаги ҳудудлардан чиқариш;

— Ҳурмуз бўғозини «Эрон шартлари асосида» 30 кун ичида қайта очиш;

— АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Эронни тиклаш учун камида 300 миллиард долларлик дастур тақдим этилиши;

— Эрон нефть ва энергетика соҳасига қарши санкцияларни бекор қилиш;

— Эроннинг ядровий қурол яратмаслик бўйича мажбуриятини тасдиқлаши;

— АҚШнинг минтақадаги ҳарбий кучларини кўпайтирмаслик ва янги санкциялар жорий этмаслик мажбурияти.

Шунингдек, агентлик маълумотига кўра, музлатилган Эрон активларининг бир қисми озод этилмагунча, нефть санкциялари тўхтатилмагунча ва денгиз блокадаси бекор қилинмагунча якуний музокаралар бошланмайди.

Ҳурмуз бўғози дунё нефть савдосининг энг муҳим йўлакларидан бири ҳисобланади. Агар келишув амалга ошса, бўғоз орқали халқаро денгиз қатнови қайта тикланиши ва жаҳон энергетика бозорларидаги босим камайиши мумкин.

Айни пайтда келишув шартларининг аксар қисми расман тасдиқланмаган бўлиб, Вашингтон ва Теҳрон томонидан қўшимча баёнотлар кутилаяпти. Якуний келишув эса, маълумотларга кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан мустаҳкамланиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: