Олимлар Эбола вирусининг Европада тарқалиши эҳтимолини 92 фоиз деб баҳолади

Олимлар Эбола вирусининг Европада тарқалиши эҳтимолини 92 фоиз деб баҳолади

Конго ва Угандадан ҳаво йўли орқали Эбола вируси тарқалиш эҳтимоли энг кўп қўшни давлатларда эмас, балки Европада қайд этилди. Бу кўрсаткич минтақада, хусусан, Бельгияда 92 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Япония олимларига таяниб “РИА Новости” хабар берди.

 

“Бу ҳисоб-китоблар вируснинг кириб келиши хавфини кўрсатади. Уни вирус киргандан кейин ўша ҳудуднинг ўзида маҳаллий тарқалиш хавфи деб тушунмаслик керак”, дейилади тадқиқот материалида.

Япониянинг Юқумли касалликлар миллий институти ва Токио университети мутахассислари халқаро авиақатновлар орқали вирус тарқалиши моделини тузиб чиқди. Ҳисоб-китоблар учун 2024 йил май ойидаги йўловчи ташиш маълумотлари асос қилиб олинди. Унда 11 264 та аэропорт, 569 741 та йўналиш ва 329 миллиондан ортиқ йўловчи оқими таҳлил қилинди.

Тадқиқотчилар Киншаса (Конго Демократик Республикаси пойтахти) шаҳридаги Н’Джили халқаро аэропортини бошланғич нуқта қилиб олди. Сўнгра бошқа аэропортларгача бўлган масофани аниқлашди. Бу километрдаги масофа эмас, балки авиайўналишлар, йўловчилар оқими ва трансферлар орқали боғлиқлик даражасидир. Шу маълумотлар асосида олимлар 30 кун ичида камида битта вирус ташиш ҳолати юз бериши эҳтимолини ҳисоблади.

Ўртача ҳисобда энг юқори кўрсаткичлар Бельгия (77,7 фоиз), Франция (77,5 фоиз) ва Жанубий Африкада (75,3 фоиз) аниқланди. Модельнинг энг юқори чегарасида эса бу хавф Бельгия учун 92 фоизга, Франция учун 91,9 фоизга, Жанубий Африка учун эса 90,5 фоизга етди.

Хавф энг юқори бўлган ўнта давлат қаторига Кения, БАА, Туркия, Уганда, Ҳиндистон, Кот-д’Ивуар ва Канада ҳам кирди. Масалан, Туркия учун бу кўрсаткич 69,8 фоизни (энг юқори чегарада 86,7 фоиз), Канада учун эса 64,2 фоизни (энг юқори чегарада 82,3 фоиз) ташкил этди.

Май ойининг ўрталарида Конго Демократик Республикаси ва Угандада Эболанинг бундибугё штамми тарқала бошлаган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти зудлик билан буни бошқа давлатларга хавф солувчи фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Ташкилот вируснинг минтақа бўйлаб тарқалиш хавфини юқори деб баҳолади. Сўнгги маълумотларга кўра, Конго Демократик Республикасида вирус юқтирганлар сони 800 нафардан ошган, камида 192 киши эса вафот этган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: