Эронда 2024 йилда ҳижобсиз қўшиқ айтган хонандага 74 дарра жазо берилди
Эронлик хонанда Парасту Аҳмадий ва унинг жамоасидаги саккиз киши 74 дарра қамчилаш жазосига ҳукм қилинди. Бунга хонанданинг 2024 йилги жонли эфирда ҳижобсиз қўшиқ куйлагани сабаб бўлди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Судланувчилар “бехаё ва ахлоқсиз контент” яратиш ва тарқатишда айбланди. Қум провинсияси жиноят ишлари бўйича суди дарра уришдан ташқари, уларга Эрондан чиқишни икки йилга тақиқлаб, шу йил давомида ижодий фаолият билан шуғулланишни ҳам ман этди.
2024 йил декабр ойида 29 ёшли хонанда жонли эфирда “Аз Қооне Жаванане Ватан” (“Ватан ёшлари қонидан”) қўшиғини ҳижобсиз ижро этди ва бу видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Мазкур эфирдан кўп ўтмай, хонанда ва бир нечта мусиқачи қисқа муддатга ҳибсга олинган, кейин эса қўйиб юборилганди. Кейинроқ Эрон расмийлари видеонинг эълон қилиниши юзасидан расмий иш қўзғатди.
