ЖЧ дебютанти яна сенсация қайд этди

ЖЧ дебютанти яна сенсация қайд этди

Бугун, 22 июнь куни 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг “Ҳ” гуруҳи 2-туридан ўрин олган Уругвай ва Кабо-Верде терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. АҚШнинг Майами шаҳридаги “Хард Рок” стадионида бўлиб ўтган баҳс 2:2 ҳисобидаги дуранг билан тугади.

Учрашувни норвегиялик ҳакам Эспен Эскос бошқариб борди. Ҳисоб 21-дақиқада очилди. Кабо-Верде терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кевин Ленини жамоасини олдинга олиб чиқди.

 

Уругвайликлар биринчи бўлим охирида жавоб қайтаришди. 44-дақиқада Максимилиано Араухо ҳисобни тенглаштирган бўлса, биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг 6-дақиқасида Агустин Каноббио гол уриб, Уругвайни олдинга олиб чиқди.

Бироқ 61-дақиқада Кабо-Верде ҳужумчиси Элио Варела ҳисобни яна тенглаштириб, жамоасига муҳим очко келтирди. Шу тариқа, терма жамоалар ўз ҳисобига бир очкодан ёзиб қўйган ҳолда турнир жадвалида 2 ва 3 ўринларни эгаллаб турибди. Испания терма жамоаси эса гуруҳда етакчилик қилмоқда.

Маълумот учун, биринчи турда Уругвай Саудия Арабистони билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган эди. Кабо-Верде эса Испаниядан очко тортиб олиб, баҳсни 0:0 ҳисобида якунлаганди.

Гуруҳ босқичининг сўнгги турида Уругвай Испанияга қарши майдонга тушади. Кабо-Верде эса Саудия Арабистони билан баҳс олиб боради. Ҳар икки учрашув жорий йилнинг 27 июнь куни бўлиб ўтади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: