Лавров Зеленскийнинг Беларус ҳақидаги баёнотларига жавобан хавфсизлик шартномасини эслатди – ОАВ
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Зеленскийнинг Беларус ҳудудида Россия зарбаларини йўналтирувчи ретрансляторлар борлиги ҳақидаги даъволарини изоҳлар экан, бу Украинанинг Беларусни тўғридан-тўғри можарога тортиш ва уруш географиясини кенгайтиришга уриниши эканини таъкидлади.
Сергей Лавров Москва ва Минск ўртасидаги хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартномага ишора қилиб, зарурат туғилганда иттифоқчи хавфсизлигини таъминлаш учун келишувда кўзда тутилган барча чораларни кўришга тайёр эканликларини билдирди.
Шунингдек, Зеленский Беларус ҳудудида Россия дронлари зарбаларини аниқ йўналтирувчи тўртта ретранслятор мавжудлигини ва у ердаги айрим заводлар Россия армиясига бутловчи қисмлар етказиб бераётганини даъво қиляпти.
Украина президенти Минскдан ушбу техникаларни демонтаж қилишни талаб қилиб, акс ҳолда Киев буни мустақил равишда амалга ошириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Кремль эса ушбу баёнотларни «агрессив таҳдид» деб атамоқда.
