Россияда ёнилғи инқирози тобора авж олмоқда: мамлакатнинг 21 ҳудудида ёнилғи сотувига чекловлар жорий этилди
Украина дронлари Россиянинг турли ҳудудларидаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни давом эттирмоқда. Бундай ҳужумлар туфайли нефтни қайта ишлаш корхоналари фаолиятини тўхтатишга ёки ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур бўлмоқда.
Мамлакатнинг турли қисмларида ёнилғи қуйиш шохобчаларига маҳсулот етказиб беришда узилишлар бошланган. Шу билан бирга, расмийлар кўп ҳолларда бензин учун узун навбатлар юзага келаётганига ёнилғи етишмовчилиги эмас, балки “талаб ҳаддан ташқари ошиб кетгани” билан боғламоқда.
Ҳозирча расмийлар кўраётган чоралар деярли натижа бермаяпти. Ҳар куни Россиянинг қайсидир ҳудудида ёқилғи сотиш чеклангани тўғрисида хабарлар чиқмоқда. Қаердадир бензинни канистрга ғамлаб олиб кетишнинг ўзигина тақиқланган бўлса, қаердадир битта автомобил учун сотиб олиш мумкин бўлган бензин миқдорига лимит белгиланмоқда. Айрим регионлар расмийлари бундай чекловларни ҳукумат эмас, балки ёқилғи қуйиш шохобчалари (масалан, Москва ва Санкт-Петербургда) жорий этаётганини таъкидламоқда.
