Германияда иссиқлик рекорди янгиланмоқда. Ҳаво ҳарорати +41,3°C гача кўтарилди

Германияда иссиқлик рекорди янгиланмоқда. Ҳаво ҳарорати +41,3°C гача кўтарилди

Германия метеорология хизмати (DWD) 26 июн куни маҳаллий вақт билан соат 17:00 да мамлакатнинг ғарбидаги Саар федерал ерида кузатувлар тарихидаги энг юқори ҳароратни қайд этди. Аввалги рекорд 2019 йил 25 июлда Шимолий Рейн-Вестфалияда қайд этилган бўлиб, ўшанда термометр устуни +41,2°C га етганди. Шу куни Рейнланд-Пфалц ва Баварияда ҳам ҳарорат +40,7°C гача кўтарилди.

Таъкидланишича, бу Германия тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлиш билан бирга, июн ойи учун ҳам рекорд ҳисобланади (аввалроқ июн ойидаги энг юқори ҳарорат +39,6°C бўлган).

Метеорологларнинг фикрича, жорий рекорд шу дам олиш кунлариёқ янгиланиши мумкин: ҳарорат +42°C га етиши кутилмоқда.

Германияда бир неча кундан буён давом этаётган экстремал иссиқлик 40 даражадан ошмоқда ва тунлари ҳам сезиларли салқинланиш кузатилмаяпти. Олимларнинг қайд этишича, мамлакатда ҳарорат 30 даражадан юқори бўлган кунлар сони ортган.

ZDF хабарига кўра, иссиқлик сув ҳавзаларига ҳам таъсир қиляпти: Рейн ва Мозел дарёларидаги сув ҳарорати аллақачон +27°C га етди, дам олиш кунлари Саар дарёсида ҳам шундай кўрсаткич кутилмоқда.

Германия умумий амалиёт шифокорлари ассоциацияси мамлакат ҳукуматини бундай вазиятда зарур бўлган «тиббий амалиётларни эътиборсиз қолдирганликда» айблади.

Ташкилот вакили Funke медиагуруҳига берган интервюсида, иссиқликдан ҳимояланишга устувор аҳамият берилиши ҳақидаги кўп йиллик ваъдалар амалий ҳаракатлар билан таъминланмаганини маълум қилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: