Иссиқ ҳавода бош оғриғи: эътибор бериш керак бўлган белгилар
Ёзги иссиқ кунларда бош оғриғи кўпчилик учун одатий ҳолатга айланади. Ҳатто соғлом инсонлар ҳам жазирама ҳавода бош оғриғи, ҳолсизлик ёки бош айланишини ҳис қилиши мумкин. Бунинг асосий сабаблари — юқори ҳарорат, организмнинг сувсизланиши ва қуёш таъсири.
Иссиқда бош оғриғи нима учун пайдо бўлади?
Юқори ҳарорат таъсирида қон томирлари кенгаяди, натижада қон босими бироз пасайиши мумкин. Бу эса бош мияга қон етиб боришини қийинлаштириб, бош оғриғини келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, ёзда организм кўпроқ терлайди ва кўп миқдорда суюқлик йўқотади. Агар йўқотилган сув ўз вақтида тўлдирилмаса, қон қуюқлашади ва бош миянинг қон билан таъминланишига салбий таъсир кўрсатади. Айрим ҳолларда совуқ ичимликларни тез истеъмол қилиш ҳам қон томирларининг кескин торайишига сабаб бўлиб, оғриқни кучайтириши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳаво ҳарорати ҳар 5 даражага ошганда бош оғриғи кузатилиши эҳтимоли ҳам ортади.
Қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?
Қуйидаги ҳолатларда бош оғриғини оддий ҳолат деб қабул қилмаслик лозим:
оғриқ кундалик ишларга халал бераётган бўлса;
жисмоний ҳаракат ёки ётган ҳолатда оғриқ кучайса;
бош оғриғи иситма ёки терида тошмалар билан бирга кечса;
оғриқ тобора кучайиб ёки хусусияти ўзгариб бораётган бўлса.
Бундай вазиятларда шифокор кўригидан ўтиш тавсия этилади.
Бош оғриғини камайтириш учун нима қилиш керак?
Иссиқ ҳавода бош оғриғининг олдини олиш учун бир нечта оддий қоидаларга амал қилиш кифоя:
Кун давомида етарли миқдорда сув ичинг. Тахминан ҳар бир килограмм тана вазни учун 30–40 мл сув тавсия этилади.
Муздек эмас, хона ҳароратидаги сувни танланг.
Газли, жуда ширин ва спиртли ичимликларни чекланг.
Дим ва ҳавоси яхши айланмайдиган жойларда узоқ вақт қолманг.
Қуёш остида юрганда енгил, оч рангли бош кийим тақинг.
Имкон бўлса, салқин душ қабул қилинг ёки пешонага салқин компресс қўйинг.
Агар қон босими юқори бўлса, шифокор тавсия қилган дори воситаларини ўзингиз билан олиб юринг.
Бош оғриғи кундалигини юритиш фойдали
Агар бош оғриғи тез-тез такрорланса, унинг қачон ва қандай шароитда пайдо бўлишини ёзиб бориш фойдали. Қуйидагиларни қайд этиш мумкин:
оғриқ қаерда сезилаётгани;
унинг кучи ва давомийлиги;
оғриқнинг хусусияти;
уни қўзғатган омиллар (иссиқ ҳаво, сувсизланиш ва бошқалар);
қон босими ва юрак уриши;
кўнгил айниши, қусиш ёки бош айланиши каби қўшимча белгилари.
Бу маълумотлар шифокорга аниқ ташхис қўйиш ва тўғри даволаш усулини танлашда ёрдам беради.
Эслатма: Агар бош оғриғи кучли, узоқ давом этувчи ёки бошқа хавотирли белгилар билан бирга кузатилса, ўзбошимчалик билан даволанмасдан, шифокорга мурожаат қилиш зарур.
