Ҳиндистон пойтахтида аёллар учун алоҳида полиция маҳкамаси ташкил этилди

Ҳиндистон пойтахтида аёллар учун алоҳида полиция маҳкамаси ташкил этилди

Деҳлида илк бор тўлақонли аёллар полиция маҳкамаси очилди, дея хабар беради ETB Bharat. Пушти рангга бўялган аёллар маҳкамасида фақат хотин-қизлар ва болаларга қарши жиноятлар, жумладан, оилавий зўравонлик ва таъқиблар тергов қилинади.

 

 

Бу гендер зўравонлиги қурбонлари жиноятлар ҳақида иккиланмасдан хабар бера оладиган, аёллар учун хавфсизроқ ва қулайроқ муҳит яратишга қаратилган тажриба лойиҳасидир. Агар лойиҳа самара берса, бундай бўлинмалар Деҳлининг бошқа туманларида ҳам пайдо бўлади.

“Мақсадимиз нафақат шикоятларни тергов қилиш, балки ёрдам кўрсатиш ва адолатга эришишни таъминлашдир. Полиция маҳкамасига келишга истиҳола қиладиганлар онлайн тарзда мурожаат қилишлари мумкин. Биз фуқаролар ва полиция ўртасида боғловчи бўғин бўла оламиз”, дейди полиция комиссари ёрдамчиси Жамуна Тапа.

 

Деҳлида аёллар полиция бўлинмаси мамлакатда бу ғоя илгари сурилганидан қарийб 50 йил ўтиб очилди. Ушбу ташаббус аёлларга нисбатан содир этилаётган жиноятлар билан боғлиқ хавотирлар кучайиши ортидан кўтарилди.

 

Жиноятларни қайд этиш миллий бюроси (NSRB) маълумотларига кўра, 2024 йилда бутун Ҳиндистон бўйлаб аёлларга қарши 441 534 та жиноят рўйхатга олинган. Биргина Деҳлининг ўзида бир йил ичида шундай жиноятлардан 13 396 таси, жумладан, 1058 та номусга тегиш ҳолати қайд этилган.

Деҳлидаги аёллар бўлинмаси Ҳиндистондаги биринчиси эмас. Лойиҳа аввалроқ мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга оширилган эди. Мамлакатда бу турдаги биринчи полиция бўлинмаси 1973 йил октябрь ойида Керала штатининг Кожикоде шаҳрида очилган бўлиб, уни ўша пайтдаги бош вазир Индира Ганди тантанали равишда очиб берган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: