Вилоятлар кесимида даромадлар бир-бирига яқинлашаяптими?
Иқтисодиётимиз сўнгги йилларда жуда юқори суръатларда ўсмоқда. Хусусан, пандемиядан кейинги даврда жон бошига номинал ЯИМ ҳажми қарийб 2 баробарга ошди. Шунингдек, мамлакатдаги умумий тенгсизлик даражаси (Джини коэффициентига кўра) кетма-кет икки йилдан буён қисқармоқда. Яъни мамлакатимизда уй хўжаликларининг даромадлари ўртасидаги тенгсизлик пасаймоқда.
Лекин вилоятлар кесимида ҳолат қандай?, даромадлар бир-бирига яқинлашяптими ёки тескари тенденция кузатилмоқда-ми?
Иқтисодиётда ( Solow моделининг хулосаларидан бири) вақт ўтиши билан паст даромадли давлатларда даромадлар юқори даромадли мамлакатларга яқинлашади деган хулоса мавжуд. Яъни вақт ўтиши билан мамлакатлар (бизнинг ҳолатда вилоятлар) ўртасида тенгсизлик камаяди. Бу борада якдил эмпирик натижалар мавжуд бўлмаса-да вилоятлар кесимида мазкур модель хулосаларни қайта текшириб кўрдим.
Бунда, 2010-2025 йилларда вилоятлар кесимида жон бошига даромаднинг (умумий даромад) йиллик ўртача ўсиши ҳамда 2010 йилдаги жон бошига даромади ўртасидаги боғлиқлик олинган. Агар вилоятлар кесимида даромадлар бир-бирига яқинлашаётган бўлса, унда 2010 йилда даромади юқори бўлган ҳудудлар секинроқ ўсган, даромади пастроқ ҳудудлар эса тезроқ ўсган бўлиб чиқиши керак.
Биринчи (юқоридаги) графикда бу ҳолатга гувоҳ бўлмаймиз, яъни 2010 йилда даромади юқори бўлган ҳудудлар нисбатан тезроқ ўсган. Лекин бу графикда боғлиқликни биргина пойтахт бузаётганлигини кўриш мумкин. Яъни Тошкент шаҳри 2010 йилда энг юқори даромадга эга ҳудуд бўлган бўлишига қарамасдан, даромад бутун давр давомида бошқа ҳудудлардан тезроқ ўсган.
Агар Тошкент шаҳрини олиб ташлаб боғлиқни қайта текширсак кўрамизки 2010 йилдаги даромад ҳамда сўнгги 15 йилдаги ўртача ўсиш ўртасида тескари боғлиқлик мавжуд (қуйи график). Ўртача олганда 2010 йилда даромади пастроқ бўлган ҳудудлар даромади юқорироқ ҳудудлардан тезроқ ўсган. Яъни Тошкент шаҳрини ҳисобга олмаганда ҳудудлар ўртасида даромадлар бир-бирига яқинлашган. Агар графикдан Навоий вилояти олиб ташланса ҳам мазкур боғлиқлик сақланиб қолади.
Тошкент шаҳрининг мутлақ истиснолиги 2020 йилдан кейинги даврда хизматлар соҳасидаги жудаям юқори ўсиш билан ҳам изоҳланади. Агар пандемиядан олдинги даврда худди шу боғлиқликни текширсак, Тошкент шаҳри боғлиқликнинг тўлиқ бузилишига олиб келмайди.
Лекин 2019 йилдан кейинги даврда Тошкент шаҳрисиз ҳам вилоятлар ўртасида даромадлар яқинлашиши секинлашган (бу эса алоҳида ўрганилиши керак чамамда).
