Brent нефти нархи АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик фонида 90 доллардан ошди
АҚШ ва Эрон ўртасидаги тарангликнинг кучайиши ҳамда Ормуз бўғози орқали нефть етказиб беришда узилишлар юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар фонида Brent русумидаги нефть нархи июнь ойи ўрталаридан бери илк бор баррели учун 90 доллардан ошди.
Халқаро савдоларда Brent нефтининг сентябрь ойидаги фьючерслари нархи баррели учун 90 доллардан юқори кўтарилди. Туркия вақти билан соат 09:05 ҳолатига кўра, нарх 90,48 долларга етиб, аввалги савдо ёпилишига нисбатан 2,7 фоизга ошди.
Шу вақтнинг ўзида АҚШнинг WTI русумидаги нефти нархи ҳам баррели учун 83,70 долларгача кўтарилди.
Нефть нархининг ўсиши дам олиш кунлари АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддиятнинг кескинлашгани ҳамда жаҳон энергетика савдосидаги энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланган Ормуз бўғози орқали нефть ташиш хавфсизлигига оид хавотирлар кучайгани билан изоҳланмоқда.
Эрон ОАВ маълумотига кўра, АҚШ тунда Ормуз бўғози яқинида жойлашган Ҳормозгон вилоятининг Ҳожиобод шаҳри атрофига зарба берган. Хабарларда тинч аҳоли орасида қурбонлар ёки фуқаролик инфратузилмасига зарар етмагани айтилган.
Шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилоти АҚШ зарбалари Хузистон вилоятида қурилаётган «Дарховин» атом электр станциясига қаратилганини маълум қилди.
ОАВ маълумотига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп воситачи давлатлар орқали Эронни бир ҳафта ичида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмаса, можаро янада кучайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Ўз навбатида, Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац Эрон жавоб ҳужумини амалга оширса, Исроил «бутун қудрати билан» зарба беришини билдирган.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, бозор ҳозирча минтақадан нефть етказиб бериш қисқариши билан боғлиқ хатарларни тўлиқ ҳисобга олмаган. Шунингдек, Ормуз бўғози орқали ўтаётган кемалар сонининг камайиши ҳам хавотир уйғотмоқда, чунки бу нефть экспорти секинлашаётганидан далолат бериши мумкин.
