Европадаги жазирама иссиқ дон бозорига 2 миллиард евродан ортиқ зарар етказди

Европадаги жазирама иссиқ дон бозорига 2 миллиард евродан ортиқ зарар етказди

Европада июнь ойида кузатилган кучли жазирама иссиқлик оқибатида қарийб 9 миллион тонна дон ҳосили йўқотилди. Бу эса 2 миллиард евродан ортиқ иқтисодий зарар келтирган. Бу ҳақда Financial Times газетаси Coceral Европа қишлоқ хўжалиги ассоциацияси ва ECIU таҳлил маркази маълумотларига таяниб хабар берди.

Нашрга кўра, Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда дон ҳосили бўйича умумий прогнозлар сезиларли даражада пасайтирилган.

Энг катта йўқотиш Францияда қайд этилди. Мамлакатда ҳосил прогнозлари 4,1 миллион тоннага қисқартирилган бўлиб, бу тахминан 891 миллион евро зарарга тенг. Иккинчи энг катта йўқотиш Венгрия ҳиссасига тўғри келиб, у ерда 2,4 миллион тонна дон ҳосили йўқотилган.

Франциялик фермерларнинг таъкидлашича, соя каби айрим экинлар бўйича ҳосилдорлик 50–70 фоизгача камайган. Франциянинг шарқий қисмидаги органик дон етиштирувчи фермер Бенуа Мерло вазиятни «фалокат аллақачон бошланган» дея баҳолади.

Мутахассислар фикрича, чорвачилик учун асосий озуқа ҳисобланган маккажўхори ҳосилининг қисқариши Бразилия ва Украина каби давлатлардан импорт ҳажмини оширади. Шунингдек, Францияда буғдой етишмовчилиги Африка мамлакатларига экспорт ҳажмининг камайишига олиб келиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: