УЕФА Жаҳон чемпионати хусусийлаштирилса, ФИФА мусобақаларини бойкот қилишини маълум қилди
Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) Жаҳон чемпионати ва бошқа ФИФА мусобақаларига хусусий инвесторларни жалб қилиш режаси амалга оширилса, ФИФА турнирларини бойкот қилишини маълум қилди.
30 июль куни бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишда УЕФАга аъзо бўлган барча 55 миллий ассоциация ушбу ташаббусга қарши чиқди. Иттифоқ баёнотида Жаҳон чемпионати футболнинг энг муҳим меросларидан бири экани ва уни инвестиция объектига айлантириш мумкин эмаслиги таъкидланган.
Маълум қилинишича, агар ФИФА президенти Жанни Инфантино хусусий инвесторларга Жаҳон чемпионати ва бошқа турнирларда мулк улушларини бериш бўйича режасини амалга оширса, УЕФА ФИФА мусобақаларини бойкот қилиш масаласини овозга қўяди. Бунинг учун оддий кўпчилик овози етарли бўлади.
Германиянинг FAZ нашри ёзишича, ФИФА мазкур режани амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Бир қатор оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, Жанни Инфантино аъзо ассоциацияларга келишувни 19 сентябргача маъқуллаш муддатини белгилаган.
Германия футбол иттифоқи президенти Бернд Нойендорф мазкур ташаббусни танқид қилиб, Жаҳон чемпионатини инвесторлар учун очиш футболнинг қадриятларига зид эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу режа қабул қилиб бўлмайдиган қарор ҳисобланади.
Аввалроқ ОАВларда ФИФАнинг Жаҳон чемпионати ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ташкил этувчи тижорат тузилмасига эҳтимолий инвесторлар қаторида АҚШ президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер оиласи ҳам кўриб чиқилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.
