Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг Полша ҳудудига номаълум объект учиб кирди

Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг Полша ҳудудига номаълум объект учиб кирди

​Россиянинг 30 июлга ўтар кечаси Украинага уюштирган оммавий ҳужуми чоғида Полша ҳудудига номаълум объект учиб кириб, Люблин вилоятидаги Тарнава-Колония аҳоли пункти яқинига тушган. Бу ҳақда Полша Қуролли кучларининг оператив қўмондонлиги маълум қилди.

​Полша ҳарбийлари маълумотига кўра, объект мамлакат ҳаво ҳудудида соат 03:40 да аниқланган. Уни таниш ва тутиб қолиш учун F-16 қирувчи самолёти юборилган, бироқ орадан олтмиш сония ўтиб у радарлардан йўқолган. Маълумотларни тасдиқлаш учун воқеа жойига Ми-24 вертолёти йўналтирилган.

​»Вертолёт экипажи объектнинг эҳтимолий тушиш жойини Люблин вилоятидаги Тарнава-Колония аҳоли пункти яқинидаги очиқ ҳудудда аниқлади. Жойга қуруқликдаги қидирув-қутқарув гуруҳи ва тегишли хизматлар юборилди», — дейилади қўмондонлик хабарида.

​Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Полша чегарасини Россиянинг X-101 қанотли ракетаси кесиб ўтганини айтди. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондонлиги 30 июл эрталаб Россия Украина бўйлаб 61 та X-101 қанотли ракетасини учиргани ва улардан 54 таси уриб туширилганини хабар қилган эди. Ҳукуматнинг исми ошкор қилинмаган вакили Wirtualna Polska нашрига «барча нарса бу Россия ракетаси эканини кўрсатаётганини» билдирган. Полша расмийлари эса мамлакат ҳудудига Россия ракетаси тушгани ҳақидаги хабарларга ҳозирча расмий муносабат билдирмади.

​Ички ишлар ходимлари Тарнава-Колония ва Токари аҳоли пунктлари оралиғидаги далада ўра ва «номаълум объект бўлаклари»ни топган. Ҳудуд полиция томонидан ўраб олинган, воқеа жойида прокуратура ходимлари ҳам ишламоқда. Rzeczpospolita нашри вилоят ёнғин хавфсизлиги хизматига таяниб ёзишича, ўранинг диаметри қарийб 10 метрни ташкил этади.

​»Бу Украина ҳаво мудофаасини мустаҳкамлаш ҳозирда жуда зарур экани ва бутун Евроатлантика ҳамжамияти хавфсизлигининг кафолати эканини яна бир бор яққол тасдиқлайди», — деб ёзди Сибига X тармоғида.

«Россия ракеталарининг Полшага учиб кириши, шунингдек, икки мамлакатимиз учун ҳар иккала халққа тўғридан-тўғри таҳдид солаётган умумий ва азалий душманга қарши туришдан кўра муҳимроқ вазифа йўқлигини эслатади. Бу шафқатсиз уруш даврида бошқа сиёсий келишмовчиликлар бир чеккага суриб қўйилиши керак», — деб таъкидлаган Сибига.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: