Эрон араб давлатларига зарба бериш билан таҳдид қилди
Теҳрон АҚШ томонидан янги ҳужумлар амалга оширилса, Форс кўрфази давлатларининг энергетика инфратузилмасига зарба беришини маълум қилди.
Эрон АҚШ ўз ҳудудига яна ҳужум қилган тақдирда, Форс кўрфази араб давлатларининг энергетика объектларига жавоб зарбалари беришини огоҳлантирди. Бу ҳақда Reuters дипломатик алоқалардан хабардор беш манбага таяниб хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи вазиятни Саудия Арабистони, Қатар ва Туркия ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Покистон армияси бош штаби раҳбари билан муҳокама қилган. У Вашингтоннинг иттифоқчиларини АҚШ президенти Дональд Трампни янги ҳарбий амалиётдан воз кечиб, дипломатик музокараларга қайтишга кўндиришга чақирган.
Манбаларнинг таъкидлашича, Теҳрон АҚШ ҳужуми юз берган тақдирда, Форс кўрфази мамлакатларидаги нефть конлари, нефтьни қайта ишлаш заводлари, электр тармоқлари, сув таъминоти иншоотлари, транспорт инфратузилмаси ва бошқа стратегик объектлар нишонга олиниши мумкинлигини маълум қилган.
Reuters маълумотига кўра, ушбу огоҳлантиришлардан сўнг Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳарбий ҳаракатларни кечиктириш ва музокара ҳамда дипломатик ечимга эътибор қаратишга чақирган. Шу билан бирга, Ар-Риёд ўз ҳудудига ҳужум қилинса, ҳарбий куч билан жавоб қайтаришини билдирган.
Эронлик манбалардан бирининг айтишича, Теҳрон минтақа энергетика инфратузилмасига катта зарар етказиш хавфи Вашингтонни можарони янада кескинлаштиришдан тийишига умид қилмоқда.
