Анвар Собиров: “Аввал раққосалардан рашк қилган аёлим ҳозир мени уйлантириб қўйишга қодир”
Хонанда ва актёр Анвар Собиров “Чотки TV” YouTube каналига берган интервьюсида ижодидаги танаффуслар, давлат ишидаги фаолияти, оилавий ҳаёти ва фарзанд тарбияси ҳақида гапирди.

Санъаткорнинг таъкидлашича, ижодкор саҳнага чиқиб, ўз муаммоларини эмас, балки инсонларга яхши кайфият улашиши керак.
Анвар Собиров икки йил давомида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасида фаолият юритгани ва шу сабаб ижоддан бироз узоқлашганини айтди. Кейинчалик санъатга қайтиш истаги кучайгани учун раҳбарлик вазифасидан озод қилишларини сўраган.
Хонанда оилавий ҳаёти ҳақида сўзлар экан, турмуш ўртоғи билан муносабатлари йиллар давомида ўзгарганини таъкидлади.

— Аввал мени беш метр наридан ўтиб кетган раққосадан ҳам рашк қилган аёлим, ҳозир ҳеч қандай оғринишсиз, рашк қилмай мени ўзи уйлантириб қўйишга қодир даражада иймонли бўлди, — деди Анвар Собиров.
Санъаткор фарзанд тарбиясидаги хатолари ҳақида ҳам очиқ гапирди. Унинг айтишича, ўғлини бироз эркалатиб юборган ва бу кейинчалик унга сабоқ бўлган.
— Миллиардер инсонлар ҳам фарзандига ҳамма нарсани тайёр қилиб бермаслиги кераклигини билади. Мен эса ўғлимга кўп нарсаларни осон қилиб бериб қўйган эканман, — деди у.
Анвар Собиров қиз фарзандлар ҳақида ҳам илиқ фикр билдирди. У уч қизи ва бир ўғли борлигини, қизларини “жаннатларим” деб чақиришини айтди.
— Қиз фарзанд — катта бахт. Қизи бор оталар энг бахтли оталардир, — деди хонанда.
