Ҳиндистон Исроил билан мудофаа пакти тузиш ҳақидаги хабарларни рад этди

Ҳиндистон Исроил билан мудофаа пакти тузиш ҳақидаги хабарларни рад этди

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Нью-Деҳли гўёки Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон иттифоқига жавобан Тел-Авивга мудофаа келишувини тузишни таклиф қилгани ҳақидаги хабарларни «фейк» деб атади.
Бу даъво ижтимоий тармоқларда тарқалган. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг фактларни текшириш бўлими ушбу хабар скриншотини «фейк» белгиси билан эълон қилди. «Биз ижтимоий тармоқларда сунъий интеллект ёрдамида ёлғон контент яратиш орқали тарқатилаётган бундай зарарли хабарлардан огоҳ бўлишга чақирамиз», — дея маълум қилди вазирлик.

Ушбу хабарлар Покистон, Саудия Арабистони ва Туркия ўртасида «Маккадаги қўшма мудофаа келишуви» имзоланганидан кейин пайдо бўлди. Келишув уч давлатнинг ҳарбий ҳамкорлиги ва умумий хавфсизлигини кучайтиришни назарда тутади.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги келишув жамоавий тийиб туриш салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилганини маълум қилди. Келишувга кўра, «уч давлатдан бирортасига қилинган ҳар қандай қуролли ҳужум уларнинг барчасига қилинган ҳужум сифатида кўриб чиқилади». Ҳужжат, шунингдек, турли йўналишларда мудофаа ҳамкорлигини кенгайтиришни назарда тутади.

Шу билан бирга, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху пайшанба куни телефон орқали суҳбатлашди. Суҳбат давомида томонлар икки давлат ўртасидаги махсус стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилди.

Жайсвалнинг аниқлик киритишича, қўнғироқ Исроил томони ташаббуси билан амалга оширилган. Унинг сўзларига кўра, томонлар Ҳиндистон ва Исроил ўртасидаги муносабатлар ҳамда турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: