Канададаги ўрмон ёнғинлари “портлаш”дек тарқалди: минглаб аҳоли эвакуация қилинди
Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида тез тарқалаётган ўрмон ёнғинлари сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилиниши ортидан 20 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, провинциянинг жанубий қисмидаги Оканаган кўлининг ғарбида жойлашган ҳудудларда “Bald Range” ёнғини назоратдан чиқиб, бир кечада деярли икки баробар кенгайган. Ёнғин майдони қарийб 9,5 минг гектарга етган.
Ёнғин сабаб Саммерленд, Пичленд ва бошқа ҳудудларда эвакуация эълон қилинган. Бу ёздаги энг йирик эвакуация тадбирига айланган. Британия Колумбияси бўйлаб 20 мингдан ортиқ киши уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Провинция бош вазири Девид Эби ёнғин тезлиги ва кўлами ҳақида гапирар экан, мутахассислардан бири вазиятни “бомба портлашига” қиёслаганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, айрим дарахтлардаги олов баландлиги 30 метрга етган, аланга эса ундан яна 60 метр юқорига кўтарилган. Ёнғин ўзига хос об-ҳаво тизимини юзага келтириб, чақмоқ пайдо бўлишига ва оловнинг янада кучайишига сабаб бўлган.
Расмийлар ёнғин оқибатида уйлар ва бошқа иншоотлар вайрон бўлганини, айрим аҳоли эса вазиятнинг кескин ўзгариши сабабли қутқарилганини билдирган.
Фавқулодда ҳолат режими провинция ҳукуматига транспорт ҳаракатини чеклаш, маҳсулотлар нархининг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик ҳамда қутқарув ишларини мувофиқлаштириш учун қўшимча ваколатлар беради.
Саммерленд мэри Даг Холмснинг айтишича, ёнғиндан кўплаб фермер хўжаликлари зарар кўрган. Иншоотларнинг қанчаси йўқ қилингани ҳозирча аниқ эмас.
Кўплаб аҳоли кеча, 8 августга ўтар кечаси эвакуация қилинган. Улар автомобилларда Пентиктон шаҳри томон жанубга ёки Келоунa томон шимолга йўл олган. Кейинчалик айрим автомобиль йўллари ёпилган.
Ёнғин сабаб Саммерлендда электр таъминоти узилган. Шунингдек, сув тозалаш иншооти четлаб ўтилгани ва тизимга тозаланмаган сув тушгани сабабли аҳоли учун сувни қайнатиб истеъмол қилиш тавсия этилган.
Маълумотларга кўра, Британия Колумбиясида айни пайтда 100 дан ортиқ ёнғин қайд этилган бўлиб, уларни ўчириш ишларига қарийб 1,5 минг нафар ўт ўчирувчи жалб қилинган. Провинцияда 40 та эвакуация буйруғи ва 49 та эвакуация огоҳлантириши берилган.
Канада Ўрмон ёнғинлари бўйича идоралараро маркази маълумотига кўра, йил бошидан буён мамлакатда ёнғинлар қарийб 4 миллион гектар майдонни қамраб олган.
