Ўрмон ёнғинлари Европага €19 млрд зарар келтирди
Йил бошидан буён ёнғин 530 минг гектардан ортиқ ҳудудни йўқ қилди, экстремал иссиқ ва қурғоқчилик эса кузга қадар янги ёнғинлар хавфини юқори даражада сақлаб қолмоқда.
2026 йил бошидан буён Европадаги ўрмон ёнғинларидан етказилган иқтисодий зарар €19 миллиарддан ошди. Бу ҳақда Американинг AccuWeather метеорология компанияси баҳоларига таяниб хабар берилди. Компания маълумотларига кўра, шу даврда ёнғинлар 530 минг гектардан ортиқ ҳудудни йўқ қилган.
Ёнғинлардан энг кўп Испания ва Франция зарар кўрган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, умумий иқтисодий йўқотишлар €15,6–19,1 миллиардни ташкил этмоқда. Бу суммага ёнғин оқибатларини бартараф этиш харажатлари, инфратузилмага етказилган зарар, бизнес йўқотишлари, аҳоли саломатлигига таъсир ва узоқ муддатли иқтисодий оқибатлар киритилган.
AccuWeather экспертлари экстремал иссиқ ва қурғоқчилик Европада янги ўрмон ёнғинлари юзага келиш хавфини камида кузга қадар юқори даражада сақлаб қолишидан огоҳлантирмоқда.
Компания прогнозларига кўра, энг хавфли вазият Ғарбий ва Марказий Европа мамлакатларида сақланиб қолади. Франциянинг айрим ҳудудлари, Испаниянинг шимоли ва Британия оролларининг жанубий қисми энг юқори хавфли зоналар сифатида қайд этилган.
Скандинавиянинг жанубида, Италияда, Шарқий Европанинг қатор мамлакатлари ва Болқон минтақасида ҳам йирик ёнғинлар эҳтимоли юқорилигича қолмоқда.
